Ўзбекистонлик таниқли ММА жангчиси Нурсултон Рўзибоев яқин орадаги режалари билан ўртоқлашди. Ҳамюртимиз ҳозирги лигаси билан тезроқ шартномасини бекор қилса, июнь-июль ойларидаги UFC турнирларида жанг қилиши мумкинлиги, акс ҳолда август ойида Dana White Contender Series’да иштирок этишини маълум қилди.
— UFC’дан аниқ таклифлар бўлганми?
— Энди мен кимгадир ниманидир исбот қилмоқчи эмасман. Телефонимда ҳамма маълумотлар турибди — таклиф қилинган турнирлар, рақиблар. 100 % таклиф келган. Тўсқинлик қилиб турган ягона нарса — шартномам. Эртага UFC’га кириб, эълон қилинганимдан сўнг, улар шикоят ёзишса, мени чиқариб юборишлари мумкин. Уларга бунақа ғалвали жангчилар керак эмас. Шунинг учун, менежерларим ҳам қўрқиб турибди. Агар бугун-эрта шартномам ҳал бўлиб қолса, июнь-июль ойларидаги UFC турнирларига улгуриб қолишим мумкин. Мабодо ўхшамай қолса, Dana White Contender Series’да жанг қиламан.