Хабар бериб ўтганимиздек, АҚШнинг Нью-Жерси штатида самбо бўйича АҚШ очиқ чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу очиқ чемпионатда АҚШдан ташқари Россия, Грузия, Беларусь, Қирғизистон ва Ўзбекистон самбочилари ҳам иштирок этишмоқда деб ёзмоқда Olamsport.
Мусобақада Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони, Осиё чемпионати совриндори, Жахон кубоги совриндори, терма жамоамиз аъзоси Муҳаммаднозим Шукуров ҳам иштирок этди.
Қувонарлиси, Муҳаммаднозим мусобақада барча рақибларини мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, мусобақада қатнашган яна бир ҳамюртимиз Элёр Серикбаев финалга қадар етиб бориб, кумуш медаль эгасига айланди.
Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов тақдирлаш маросимида иштирок этди ва совриндорларни тақдирлади. Бундан ташқари, ассоциациямиз раҳбари АҚШ самбо федерацияси раҳбариятига Ўзбекистон самбо ассоциациясининг эсдалик совғаларини топширди.