UFC даги навбатдаги жангини ўтказган ҳамюртимиз Махмуд Мурадов Тошкентга қайтиб келгани ва пойтахтимиздаги “Бефит-Про” спорт мажмуасида Оммавий Ахборот Воситалари ходимлари учун ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этганидан хабарингиз бор. Махмуд журналистлар саволларига жавоб қайтарар экан, жумладан:
— “Мен ҳеч қачон рақиб танламаганман, кимни рақиб қилиб беришса шу билан жанг қиламан. Болалигимда кикбоксинг, жанговор самбо билан шуғулланганимни кўп айтганман. Илк бор телевизор орқали Фёдор Емеляненконинг жангини кўрганман ва ўшанда мазкур спорт турига қизиқишим ортган ҳамда ўзимни шу спортда синаб кўриш хоҳиши уйғонган. Буни фақат Чехияда қилиш имконияти бўлди. Менда ҳатто машғулот залига тўлаш учун 500 евро пул ҳам йўқ эди ва уларга ҳизмат қилиш эвазига залда текинга шуғулланганман. Фаолиятим аввалида 6 марта мағлубиятга учрадим, аммо мен курашишда давом этдим. Буларнинг барчаси тажриба, тажрибани эса пулга сотиб олиб бўлмайди” – дея қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Махмуд Мурадов ҳозирга қадар UFCда 3 жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган.