Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабар беришича, дунёнинг баъзи мамлакатларида mpox (маймун чечаги) вируси яна фаоллаша бошлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар қилди.
Хусусан, касаллик шу йил 8 майдан 2 июль санасига қадар Жанубий Африка Республикасида яшовчи 20 нафар беморда аниқланди. Инфекция оқибатида 3 киши ҳаётдан кўз юмди.
Бу — минтақада 2022 йилдан буён қайд этилган илк ҳолат. Ўшанда беш кишига маймун чечаги ташхиси қўйилган, бироқ ўлим ҳолатлари қайд этилмаганди.
Умуман, 2024 йилнинг 1 майидан 31 майига қадар 26 та давлатда ушбу вирусни юқтирган 646 нафар бемор рўйхатга олинди. Энг кўп касалланиш кўрсаткичлари Африка (43,5 фоиз), Европа (21,8 фоиз) ҳамда Жанубий ва Шимолий Америка (20,4 фоиз) минтақалари ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, эпидемиядан Конго Демократик Республикаси аҳолиси жиддий азият чекди. Бу ерда май ойида 377 та янги ҳолат аниқланди.
МАНБА: DARAKCHI.UZ