Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистон иқтисодиёти учун фискал мултипликатор кўрсаткичи баҳоланди.
Фискал мултипликатор давлат харажатлари ва даромадлар ўзгариши натижасида иқтисодиётда яратиладиган қиймат қанчага ўзгаришини аниқлаб беради. Ушбу кўрсаткич солиқ-бюджет сиёсатининг самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, давлатнинг даромад ва харажатлар йўналишида олиб борадиган сиёсатини юритишда ёрдам беради.
Таҳлилга кўра, 2023-йилда Ўзбекистон учун фискал мултипликатор 1,34 ни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич давлат харажатларининг 1 трлн. сўмга оширилиши натижасида иқтисодиётда 1,34 трлн. сўмгача бўлган миқдорда қўшилган қиймат яратилиши мумкинлигини англатади.
2019-йилда Гарвард университети томонидан ўтказилган тадқиқотда АҚШ учун географик ҳудудлараро фискал мултипликатор ҳисоблаб чиқилган. Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ учун фискал мултипликатор 1,8 га тенг эканлиги аниқланган.
Режалаштирилаётган дастурлардан кутилаётган натижалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 23-сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги ПФ-143 сонли Фармони ижросини самарали таъминлаш мақсадида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси доирасида давлат бюджетидан 6,2 трлн. сўм харажат қилиниши белгиланган.
Натижалар: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш орқали (фискал мултипликатор эффектини инобатга олган ҳолда) иқтисодиётда 8,31 трлн. сўмгача бўлган қўшилган қиймат яратилиши мумкин.
Изоҳ: Мазкур тадқиқотда давлат дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг иқтисодиётга таъсирини баҳолашда барча турдаги фискал мултипликаторларнинг бир хил эканлиги тахмин қилинди.
Ёндашув: Мазкур тадқиқотда фискал мултипликатор кўрсаткичи Жон Мейнард Кейнснинг истеъмолга маржинал мойиллик назариясига асосланган ҳолда баҳоланди. Умумий даромадларнинг маълум қисми импорт истеъмоли учун сарфланиши харажатлар занжирининг узилишига олиб келади. Бу эса харажатларнинг мултипликатив таъсирини пасайтиради. Шу сабабли, фискал мултипликаторни баҳолашда иқтисодиётда якуний ва оралиқ истеъмол учун импорт харажатлари бўйича тўғрилаш киритилди.
Изоҳ: Импорт маҳсулотлари ҳажми қисқа муддатда фискал мултипликаторнинг иқтисодиётга таъсирини камайтирсада, узоқ муддатда технологияларнинг ривожланиши, рақобатнинг кучайиши ҳамда иқтисодиётда самарадорликнинг ошиши орқали мамлакатда реал ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига ва пировардида истеъмол товарлари импортининг камайишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарадорликнинг ошиши, аҳоли даромадларининг ортиши билан маҳаллий товар ва хизматларга талабнинг кўпайиши фискал мултипликаторнинг иқтисодиётга ижобий таъсири яхшиланишига олиб келиши мумкин.
Халқаро тажриба: Кейнснинг истеъмолга маржинал мойиллик назарияси бўйича фискал мултипликаторни ҳисоблаш ёндашуви даромаднинг ўзгариши натижасида истеъмолнинг ўзгаришини таҳлил қилишга асосланади. Давлат харажатларининг мултипликатив таъсирини аниқлашда Европа мамлакатлари, АҚШ ва Япония учун С.Чарльз, Т.Даллери ва Ж.Мари, Европанинг 10 га яқин давлати, АҚШ ва Япония учун Себастиан Чарльз, Польша учун К.Ласки, Ж.Осиатински, Ж.Зиеба, Франция, Германия, Польша учун А.Деркаcз, Франция ва Германия учун Торальф Пусч каби олимлар Кейнс назариясига асосланган классик усулдан фойдаланган.