Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик имтиёзли кредитлар кўринишидаги молиявий пакетни тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ислоҳотлар дастури мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги, темир йўл ва энергетика секторларида самарадорликни ошириш, давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатни атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарларга тайёрлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларига нисбатан пастроқ фоиз ставкаларида ва кредитни қоплаш учун узоқроқ муддатлар билан тақдим этилади.
«Бу Ўзбекистонга долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтирилиши мумкин бўлган катта миқдордаги молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради», дейилади баёнотда.
Ислоҳотлар қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни кўзлайди:
- Ижтимоий ҳимоя тизими: Фуқароларнинг муайян тоифалари учун ишсизлик, касаллик ва оналик нафақалари қамровини кенгайтириш;
- Гендер зўравонликка қарши кураш: Маиший ва жинсий зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш;
- Фермерларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш: Ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатловчи механизмларни ривожлантириш. Уларнинг қонунчиликда мустаҳкамланиши фермерларни хўжалик юритишнинг янада самаралироқ усулларига сармоя киритишга рағбатлантиради. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлиги ва иқлим ўзгаришларига чидамлилигини оширади;
- Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш: Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатлайдиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш. Шунингдек, бу инвесторлар учун хизматлар сифатини яхшилашга ёрдам беради ҳамда катта ҳажмдаги хорижий ва ички инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратади;
- Давлат молияларини бошқариш: Фискал рисклар бўйича ҳисобот механизмларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини бошқаришни такомиллаштириш. Ушбу чора-тадбирлар бюджет маблағларидан фойдаланишнинг шаффофлигини ва самарадорлигини оширади;
- Иқлим ўзгаришига қарши курашиш: Иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган атмосферага чиқиндилар чиқаришни қисқартиришни рағбатлантирувчи қонунчиликни ишлаб чиқиш. Ушбу қонунчилик, шунингдек, иқтисодиётнинг энг кўп энергия сарфлайдиган тармоқларида энергия самарадорлигини рағбатлантиришга ҳам қаратилган;
- Сув ресурсларини бошқариш: Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчиларнинг масъулиятини кучайтириш учун институционал ва ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш. Ушбу чоратадбирлар, шунингдек, соҳага давлат инвестицияларини жалб қилиш ва қўшни давлатлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш имконини ҳам беради;
- Атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни баҳолаш: Иқлим ўзгариши, экологик омиллар ва ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиётнинг турли тармоқларига, шунингдек, одамларнинг соғлиғи ва фаровонлигига таъсирини баҳолаш бўйича ҳокимият салоҳиятини ривожлантириш. Бу, шунингдек, атроф-муҳитни, шу жумладан атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги салоҳиятни ривожлантиришни ҳам назарда тутади;
- Иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга инвестициялар: Хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган экологик жиҳатдан тоза лойиҳаларда давлат инвестицияларининг улушини ошириш. Ушбу ёндашув мамлакатга тугаб бораётган табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш имконини беради;
- Темирйўл сектори: Темир йўл секторининг самарадорлиги ва даромадлилигини ошириш, темир йўл инфратузилмасини модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва ушбу секторда атмосферага чиқадиган чиқиндиларни қисқартириш учун ҳуқуқий базани яхшилаш;
- Энергетика сектори: Сектор фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида энергия тарифлари тизимини ислоҳ қилиш. Аҳолининг заиф қатламларини тарифлар ошиши оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий чора-тадбирларни амалга ошириш. Қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш учун ҳуқуқий ва институционал базани такомиллаштириш.