Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2017-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни таҳлил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда қишлоқ хўжалигида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди ва улар соҳа ривожига янги бир туртки берди.
2020-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясининг тасдиқланиши, кластер тизимининг жорий этилиши, савдонинг эркинлаштирилиши ва экспортнинг рағбатлантирилиши, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг ижарага (иккиламчи ижарага) берилиши, сув тежовчи технологиялар қўлланилганда субсидияларнинг тақдим этилиши, AKIS агрохизматлар марказининг очилиши ва бошқалар шулар жумласидандир.
Яратилган имкониятлар мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатди. Шундай қилиб, пахта ҳосилдорлиги 2017-йилдаги 23,8 центнердан (гектарига), 2023-йилда 36,0 центнерга, ёки 1,5 бараварга, буғдой ҳосилдорлиги 42,2 центнердан 47,8 центнерга ёки 13,3 фоизга ошди.
Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотида қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларнинг улуши босқичма-босқич ошиб бормоқда. Агар 2017-йилда уларнинг улуши атиги 2,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2023-йил охирига келиб бу кўрсаткич 7,1 фоизга етди.
Савдони эркинлаштириш ва экспортни рағбатлантириш билан боғлиқ қонунчиликдаги ўзгартиришлар 2017-2023 йилларда мева-сабзавотлар экспортини 1,8 баробарга, яъни 645,6 миллион АҚШ долларидан 1 180,8 миллион АҚШ долларигача ошириш имконини берди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида пахта ҳосилдорлигини гектарига 45-50 центнерга, ғалла ҳосилдорлигини 80-85 центнерга етказиш вазифаси қўйилган.
Стратегияда фермер ва деҳқон хўжаликларини янада қўллаб-қувватлашга ҳам катта аҳамият берилган. Хусусан, деҳқон ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизини субсидиялаш тизимини жорий этиш, барча субсидияларни “бир қадам” тамойили асосида “Агросубсидия” ягона платформаси орқали тақдим этиш режалаштирилган.