Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан “Миллий қадриятлар” рўйхати шакллантирилди ҳамда уларнинг иқтисодий тараққиёт билан боғлиқлиги таҳлил қилинди.
Дунёда ҳар бир миллат ва халқнинг ўзлигини англаши ва асраши, шаънини улуғлашида қадриятларнинг аҳамияти беқиёс. Қадриятлар ҳар бир мамлакат учун мажозий маънода халқнинг “ДНК”сини сақлаб қолишга, халқаро ҳамжамият олдида ўзлигини намоён қилишга ҳамда ўтмиш ва келажак ўртасида уйғунлик мезонларини яратишга хизмат қилади.
Маълумот учун: кўп миллатли мамлакат бўлишига қарамасдан АҚШ ўзининг миллий қадриятлари тизимига эга[1]: 1. Мустақиллик 2. Тенглик 3. Индивидуаллик 4. Демократия 5. Миллатпарварлик 6. Меритократия 7. Тўғрилик 8. Инновация 9. Истеъмолчилик 10. Норасмийлик 11. Вақтдан унумли фойдаланиш.
Халқаро бахтиёрлик рейтингида энг юқори поғоналарни банд этувчи Данияда ҳам ўзига хос қадриятлар тизими мавжуд[2]: 1. Жамият фаровонлиги 2. Озодлик 3. Ишонч 4. Қонун олдида тенглик 5. Гендер тенглиги 6. Данияликлар тили 7. Уюшмалар ва кўнгиллилар иши 8. Эркинлик ва толерантлик 9. Хюгге (Ҳйгге)[3] 10. Насронийлар мероси.
Дунёда 6-йирик иқтисодиётга эга Буюк Британияда ҳам 2011 йилда қадриятлар рўйхати аниқлаб олинган ва уларни мактабларда тарғиб қилиш бўйича қўлланма ҳам расман тасдиқланган[4]: 1. Демократия 2. Қонун устуворлиги 3. Ҳурмат 4. Бағрикенглик 5. Шахсий эркинлик.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам халқимизга тегишли қадриятлар ўз аксини топган. Конституциясида белгиланган моддаларнинг ҳаётдаги ижросини таъминлаш учун ундаги ғояларни қўллаб-қувватлаш шу билан бирга, бугунги кунда улардан энг муҳимларини аниқ белгилаб олиш ва тарғиб этиш зарурати юзага келмоқда.
“МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР” ТИЗИМИ
Таниқли жамоатчилик вакилларининг фикрларини инобатга олган ҳолда МҲТИ томонидан тузилган “Миллий қадриятлар” рўйхати қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ота-онага эҳтиром
- Лафз
- Покизалик
- Жасорат
- Ўзбек тили
- Ҳаракатда барака
- Эркин ва мустақил фикрлаш
- Елкадошлик
- Бағрикенглик
- Силаи раҳм
- Табиат билан уйғунлик
- Рози-ризолик
ТАҲЛИЛ НАТИЖАЛАРИ
- Ота-онага эҳтиром кўрсатишнинг оила умумий даромадига таъсири 3751 нафар респондент иштирок этган сўров маълумотлари асосида таҳлил қилинди.
Ота-онаси билан бирга яшайдиган уй хўжаликларининг жон бошига ўртача ойлик даромадлари алоҳида яшовчиларникига қараганда 0,09 фоиз бандга юқори бўлади.
Ота-она билан яшаш оила аъзоларига ғамхўрлик қилишнинг узоқ муддатли ечими бўлиб, бу фарзандлардаги масъулиятни оширади ҳамда уларда касб-ҳунар ўрганиш, меҳнат қилиш ва кўпроқ даромад топишга интилиш ҳиссини кучайтиради.
- Лафз. Ишонч даражаси (прокси кўрсаткич сифатида қонун устуворлиги индекси) кўрсаткичининг ЯИМ ҳажмига таъсири Жаҳон банкининг 2000-2019 йилдаги Марказий Осиё, Кавказ минтақаси ва Мўғулистон мамлакатларига тегишли маълумотлар асосида баҳоланди.
Қонун устуворлигининг 1 фоиз бандга ошиши ЯИМ ҳажмининг қарийб 0,7 фоиз бандга ошишига олиб келади.
Агар жамият аъзолари ўз сўзида собит турса (лафзида турса), бу нафақат ўзаро ишончнинг ортишига, балки тадбиркорлик муҳитининг яхшиланишига ва иқтисодий ўсишни таъминлашга олиб келади.
- Покизаликнинг (ичимлик суви ва санитария ҳолати) аҳоли даромадлари орқали иқтисодий ўсишга таъсирини баҳолашда 2021 йилда Статистика агентлиги томонидан ўтказилган танланма кузатув маълумотларидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) ва ЮНИCЕФ таърифларидан фойдаланилди.
Эконометрик модел сув ва санитария шароитларини яхшилаш уй хўжаликларининг жон бошига даромадларини 11,7 фоиз бандга оширишини кўрсатди.
Покизалик саломатликни сақлашнинг муҳим шартларидан бири бўлиб, ЖСТнинг Макроиқтисодиёт ва саломатлик бўйича комиссияси (2001) покизаликнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва фаровонликка ижобий таъсирини асослаб берган.
- Жасоратни баҳолашда капитал бозори тушумлари прокси кўрсаткич сифатида танланган. Ҳисоблашлар Жаҳон банкининг ривожланган (7 та) мамлакатларга оид 13 йиллик маълумотларига асосланган.
Капитал бозори билан тавсифланган таваккалчилик кўрсаткичи иқтисодий ўсишни рағбатлантиради: капитал бозори даромадининг 1 фоизга ошиши иқтисодий ўсишнинг 3 фоиз бандга ортишини таъминлайди.
Жасорат инсоннинг юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарларни инобатга олиб, бизнес фаолиятида муҳим қарорларни қабул қилишида ҳам намоён бўлади. Журъатли инсонлар капитал бозорларида инвестицион ва корпоратив муносабатлардаги ноаниқлик ва таваккалчилик шароитида дадил қадам боса олади.
- Ўзбек тили. Тадқиқотда “она тилини билиш умумий таълимда муваффақиятга етаклайди ва бошқа чет тилларини ўрганишга ёрдам беради” гипотезаси ва МҲТИ томонидан 2021 йилда уй-хўжаликлари орасида ўтказилган сўров натижаларига таянилган.
Она тилини мукаммал билиш бошқа тилларни ўзлаштириш эҳтимоли ва умумий таълим даражасини оширишини кўрсатди. Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча ўқилган таълим йили иш ҳақининг 8,8 фоизгача ўсишига олиб келади.
ЮНЕСCО доирасидаги тадқиқотларга кўра, она тилидаги таълим дастурларида таҳсил олиш болаларда саводхонлик даражасини оширибгина қолмай, ўзига бўлган ишонч ва маданий ғурурни ҳам оширади.
- Ҳаракатда барака. Тадқиқотнинг мақсади ижтимоий фаол ва пассив бўлган уй хўжаликлари ўртасидаги фарқларни аниқлашдан иборат. Таҳлилларда Жиззах вилоятидаги 610 та уй хўжалигида ўтказилган танланма сўров натижаларига таянилган.
Фаровон келажакка интилиш ва ҳаракат қилиш қадриятлари уй хўжаликларида жон бошига даромаднинг 0,6 фоиз бандга ўсишига олиб келади.
Ҳар бир инсоннинг жамиятдаги ўрни ва обрўси, юқори марраларни забт этиши кўп жиҳатдан унинг ҳаракатлари ва интилишларига боғлиқ. Хорижий мамлакатлардаги изланишлар инсоннинг шахсий фаоллиги ҳамда даромадлари ўртасидаги ижобий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатмоқда.
- Эркин ва мустақил фикрлаш (рўйхатдан ўтказилган патентлар сони) ҳамда ЯИМ ўсиши ўртасидаги боғлиқлик Жаҳон банкининг Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси мамлакатларига оид 2000-2019 йиллардаги маълумотлари асосида ўрганилди.
Мустақил фикрлаш ва инновацион ғояларни яратиш иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади: олинган 1 та қўшимча патент ЯИМ ҳажмининг 0,05 фоизга ўсишига олиб келади.
Эркин ва мустақил фикрлаш ва инновацион ёндашувлар бўлмаган жамият тараққиётдан ортда қолиши ва коррупсия гирдобига тушиб қолиши эҳтимоли юқори. Эркин фикрлаш ҳамда сўз эркинлиги ахборот улашиш, маҳсулот ва хизматлар сифатини яхшилаш орқали соғлом рақобатни шакллантириб, бозор иқтисодиётининг ривожига ҳисса қўшади.
- Елкадошлик (жамоавий иш) омили ишчилар маошига қандай таъсир қилиши эконометрик модел асосида таҳлил қилинди. Бунда МҲТИ томонидан 2 356 нафар респондент ўртасида ўтказилган сўров натижаларидан фойдаланилди.
Жамоавий ишлаш индекси иш ҳақи миқдорига сезиларли таъсир кўрсатади: индекснинг 1 бирликка ошиши иш ҳақининг 0,9 фоиз бандга ортишини таъминлайди.
Иқтисодий нуқтайи назардан елкадошлик меҳнат самарадорлигини ошириш орқали иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшади.
- Бағрикенглик. Этнолингвистик хилма-хиллик[5] индекслари ва Жаҳон банкининг (93 та ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари) маълумотлари асосида бағрикенгликнинг иқтисодий фаровонликка таъсири баҳоланди.
Юқори даромадли мамлакатлар учун этник хилма-хиллик индексининг 1 фоиз бандга ошиши аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 1,17 фоиз бандга ортишига ҳисса қўшади.
Ушбу қадрият турли миллат ва элат вакилларини олийжаноб ғоя ва эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга ундайди. Бағрикенглик инсон капитали орқали иқтисодий ва ижтимоий фаровонликка ижобий таъсир ўтказади.
- Силаи раҳмнинг (прокси сифатида хайрия индекси) ЯИМ ҳажмидаги самарадорлиги Жаҳон банкининг 2010-2019 йилларда 84 та мамлакат, жумладан Ўзбекистонга оид маълумотлари асосида баҳоланди.
Мамлакатларда хайрия индексининг 1 фоизга ортиши аҳоли жон бошига ЯИМнинг 0,2 фоиз бандга ортишига олиб келади.
Силаи раҳмнинг иқтисодий жиҳати хайрия мисолида кўрилса, у инсонлар орасида масъулият ҳиссини оширишга, даромадларнинг оқилона тақсимланишига ва ўзаро қўллаб-қувватловнинг яхшиланишига олиб келади.
- Табиат билан уйғунлик. Тадқиқотда атроф-муҳит шароитларининг ўзгариши ишчи кучининг самарадорлигига ва бу орқали иқтисодиётга таъсири Жаҳон банкининг 169 та мамлакатга оид маълумотлари асосида баҳоланди.
ПМ2.5 эмиссиясининг 1 м3 га камайиши нафас йўллари касалликлари туфайли қайд этиладииган ўлимлар сонини 2-3 нафарга (ҳар 100 минг аҳолига) камайтириш имконини беради. Нафас йўли касалликларидан ўлимлар сонининг 10 кишига (ҳар 100 минг аҳолига) кўпайиши жон бошига ЯИМни 631,2 АҚШ долларигача камайтиради.
Атроф-муҳит омиллари бевосита аҳоли саломатлиги ва меҳнат унумдорлигига таъсир ўтказади.
Маълумот учун: Сўровларга кўра, АҚШда ишчиларнинг соғлигидаги муаммолар корхоналарга жами йилига 153 млрд. доллар атрофида зарар келтирмоқда[6].
- Рози-ризолик қадрият сифатида оилавий ва атрофдагилар билан муносабатларда, тадбиркорлик фаолиятида муҳим мезон саналади.
Конституцияда ҳам ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши ва асоссиз ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулки ёки бирор ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
[1] АҚШ давлат департаменти расмий сайти маълумоти
[2] Даниянинг Kulturfabrikken маданият журнали маълумоти
[3] Xyugge (Hygge) – данияликлар яшаш тарзига хос қадрийат боълиб, бу хотиржам ва ёқимли муҳитда боълисҳни англатади
[4] Буюк Британия давлат хизматлари ва маълумотлари расмий сайти ахбороти
[5] Жамийатлардаги етник жамоаларнинг тили ва маданийатларидаги турфа хилликни англатади