Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар сиёсатининг бугунги йўналишлари ва Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси — UNCTAD маълумотларига кўра, 2022-йилда кўплаб мамлакатлар инвестиция сиёсати чораларини ишлаб чиқиш бўйича ўз фаолиятини кучайтирган. Жумладан, 66 та мамлакат хорижий инвестицияларга таъсир қилувчи жами 146 та чора-тадбирни жорий қилган. Бу 2021-йилдагига нисбатан 35 фоиз кўп. Ўзбекистонда 2021-йилда хорижий инвестициялар билан боғлиқ 2 та чора-тадбир қабул қилинган бўлса, 2022-йилда уларнинг сони 4 тани ташкил этди.
2022-йилда қабул қилинган хорижий инвестицияларга таъсир этувчи чора-тадбирларнинг 70 фоизи инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган бўлиб, уларнинг 3/4 қисми ҳар доимгидек ривожланаётган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистонда қабул қилинган.
Икки томонлама инвестиция шартномалари (ИТИШ) ни ислоҳ қилишни фаоллаштириш жараёни давом этмоқда: 2022-йилда амалдаги Икки томонлама инвестиция шартномаларининг умумий сони 2584 тани ташкил этди. Бунинг 2300 га яқини 2012-йилгача қабул қилинган эски авлод шартномаларидир. Ўзбекистонда амалдаги икки томонлама инвестиция шартномалари 49 тани ташкил этади. Улардан фақат 5 таси 2012-йилдан кейин имзоланган янги авлод шартномаларидир.
Янги авлод шартномалари асосан давлатнинг инвестиция тизимини назорат қилиш, тартибга солиш ва бошқариш ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, шу жумладан миллий хавфсизлик, жамоат инвестициялари, узоқ муддатли мажбуриятлардан воз кечиш ва шартномаларни ўзгарувчан иқтисодий воқеликка мослаштириш имкониятларини ўз ичига олади.
2020-йилда UNCTAD мамлакатларнинг ривожланишини баҳолаш бўйича янги восита — Ишлаб чиқариш салоҳияти индекси (PCI) ни таклиф қилди. У анъанавий ЯИМ кўрсаткичининг муқобили бўлиб, ислоҳотлар ўтказилиши зарур бўлган соҳаларни аниқлашда ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг 2022-йилги PCI баҳоси 42,0 баллни ташкил этди. Дунё бўйича ўртача кўрсаткич эса 46,8 баллга тенг бўлди.
Ўзбекистон табиий капиталннг мавжудлиги ва ундан фойдаланиш бўйича дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан катта устунликка эга бўлсада, «Транспорт» (дунё бўйича ўртача 34,1 баллга нисбатан 25,0 балл), «Хусусий сектор» ( 50,8 баллга нисбатан 34,9балл), «Институтлар» (51,9 баллга нисбатан 38,4 балл) ва «Инсон капитали» ( 44,6 баллга нисбатан 36,9 балл) субиндекслари бўйича ортда қолмоқда.
Умуман олганда, хорижий инвестициялар соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсат кўп жиҳатдан жаҳондаги тенденцияларга мос келади. Шунга қарамай, ислоҳотларнинг мақсадга мувофиқлигини кучайтириш, ишлаб чиқаришнинг орқада қолаётган соҳаларига эътибор қаратиш республиканинг янада комплекс тарзда ва мутаносиб ривожланишида ёрдам беради.