Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, жорий йилнинг 9 ойида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,7 фоизга ошган.
МҲТИ бош илмий ходими Эльвира Бикееванинг қайд этишича, саноатни ривожлантириш учун йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми 113,2 триллион сўмгача ошган. Бу эса иқтисодиётга киритилаётган жами инвестицияларнинг салкам ярми – 49,9 фоиз демакдир.
– Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,2 фоиз пунктга юқоридир. Жумладан, тоғ-кон секторига киритилган инвестициялар улуши 9,9 фоизга, ишлаб чиқариш саноатига киритилган инвестициялар улуши 28,9 фоизга, энергия таъминоти соҳасига киритилган инвестициялар улуши 7,9 фоизга ошганини кўришимиз мумкин.
Шу ўринда, тармоқларни тартибга солиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг бевосита ва билвосита дастакларидан фойдаланиш натижалари кўрсаткичларига тўхталсак. Бунда тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш 100,4 фоизни ташкил этди. Энергия таъминотида ўсиш суръатини сақлаб қолиш 108,9 фоиз, қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш суръатини ошириш эса 106,4 фоиздир.
Шунингдек, саноат фаолиятидаги энг сердаромад 5 та соҳа аниқланди. Бу автотранспорт воситалари, трейлерлар ва ярим тиркамаларни ишлаб чиқариш, ичимликларни ишлаб чиқариш, металл рудасини қазиб олиш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва кийим-кечак ишлаб чиқариш тармоқларидир, – деди Э.Бикеева.
МАНБА: ЎзА