“Саноат ва унинг базавий тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Норма хабар беради.
Ҳужжатга асосан, давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юкланади. Бунда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш масалалари учун масъул ҳисобланади.
Қуйидагилар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг саноатни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ягона саноат сиёсатини амалга ошириш ҳамда саноат тармоқларини ривожлантириш борасида замонавий механизмларни жорий этиш;
- ҳудудларнинг табиий хом ашё, меҳнат ресурсларини ва нисбий устунликларини инобатга олган ҳолда саноатни ривожлантиришга туртки берадиган йўналишларни белгилаш ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
- саноатнинг базавий тармоқлари, жумладан, нефть-газ, энергетика, кимё, тоғ-кон, машинасозлик саноатини ривожлантириш, рақобатбардошлигини ошириш, диверсификация қилиш ҳамда уларни ислоҳ қилиш стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш;
- ресурсларнинг тармоқлараро ва ҳудудлар бўйича мутаносиб равишда тақсимланишини ҳамда инфратузилманинг ўзаро мувозанатлашган ривожланишини таъминлаш;
- тегишли вазирликлар билан биргаликда энергия ресурслари, қимматбаҳо ва рангли металлар, бошқа стратегик ресурсларни ишлаб чиқариш, уларнинг истеъмол балансини шакллантириш ва мониторинг қилиш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Саноат сиёсатини амалга ошириш ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади. Вазирликка Лойиҳа офиси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун, истисно тариқасида, халқаро консалтинг компаниялари билан тўғридан тўғри шартномалар тузишга рухсат этилди.
Шунингдек, фармон билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қуйидагиларни ўтказиш назарда тутилган:
- “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК;
- Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппаратининг 45 та штат бирлиги.
Бундан ташқари, ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- каустик сода, калсийланган сода, қурилиш ойнаси, техник керосин, нефть парафини, формалин маҳсулотларини монополист корхоналар томонидан фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг Рўйхатидан чиқариш (17.03.2021 йилдаги ПҚ-5031-сон қарор билан тасдиқланган);
- Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига товар-хом ашё биржалари савдоларига рухсат этиладиган товар ва хом ашёларга мезонлар ва тавсифларни белгилаш ҳамда Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқини бериш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 13 октябрдан кучга кирди.