Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев Бишкек шаҳрида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бахит Торобоев учрашди.Суҳбат давомида Б.Торобоев Ўзбекистон – Қирғизистон муносабати дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида жадал ривожланиб бораётганини қайд этди.
Бу йил мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади. Шу давр ичида узоқ йўл босиб ўтилди, ўзаро муносабатнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 11 ойи якунига кўра, товар айирбошлаш миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоиз ўсиб, 500 миллион доллардан ошди. Айни кўрсаткични 2 миллиард долларгача ошириш кўзда тутилган.
Ўз навбатида Жамшид Хўжаев Ўзбекистон икки томонлама алоқани чуқурлаштиришга қаратилган ишларни, жумладан, ҳозиргача имзоланган келишувлар доирасида давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.
Аввал хабар берилганидек, 26-27 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи бўлиб ўтади.
Ташриф доирасида қатор ҳужжатлар имзоланиши, шунингдек, “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.