Жорий йилда геосиёсий майдонда вазият анча мураккаб. Ҳозирча Россия-Украина инқирозини ҳал қилиш имконияти кўринмаяпти ва шу билан бирга Тайвань атрофидаги вазият қизиб бормоқда, бу эса яримўказгичлар ва улар билан бирга автомобиллар нархининг янада ошишига олиб келиши мумкин.
Яқинда АҚШ президенти Жо Байден Япония бош вазири Фумио Кисида билан қўшма матбуот анжуманида “зарур бўлса” Тайванни ҳарбий йўл билан ҳимоя қилишга тайёрлигини маълум қилди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнот юзасидан норозилик билдирди. Вазирлик Тайвань Хитойнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади.
Кейинроқ Оқ уй Байденнинг сўзларини оқлашга уриниб, у Тайпейга қурол етказиб беришни назарда тутганини таъкидлади. Бироқ Вашингтоннинг Тайвань масаласидаги позицияси Пекинни хавотирга солаётгани аниқ.
Эслатиб ўтамиз, Тайвань жаҳон яримўтказгич саноатининг қарийб 20 фоизини (115 миллиард АҚШ доллари), шу жумладан микросхемалар яратиш, дизайн ва қадоқлашни ишлаб чиқаради. У OEM-пластиналари ва тўлиқ саноат таъминот занжири билан ушбу соҳада етакчи ҳисобланади. Шу тариқа, Тайваннинг TSMC компанияси Жанубий Кореялик рақобатчиси – Samsung компаниясидан анча олдинда.
Шунга кўра, агар Тайвань масаласи ҳақиқий можарога айланса, бутун дунёдаги ишлаб чиқарувчилар сезиларли миқдордаги микрочипларни ва энг юқори технологиялиларини йўқотадилар, бу эса мисли кўрилмаган нисбатдаги инқирозга олиб келади. Албатта, дунёдаги энг йирик конвеерлар тўхтаб қолади, ишлаб чиқариш секинлашади ёки умуман тўхтайди, чунки Тайвань яримўтказгичларини етказиб беришни алмаштирадиган ҳеч нарса бўлмайди. Samsungнинг имкониятлари аста-секин ўсиб бораётган талабни қондириш учун етарли эмас.
Яримўтказгичлар тақчиллиги муқаррар равишда автомобиль нархларининг глобал ўсишининг янги тўлқинини келтириб чиқаради. Ҳозир ҳам, АҚШ ва Хитойнинг Тайвань масаласи бўйича кескин баёнотлари фонида нархларнинг ўсиши кузатилди, аммо вазият шу нуқтаи назардан ривожланишда давом этса, муаммоларни олдини олиш мумкин эмас.
Глобал автомобиль ишлаб чиқарувчилари пандемия бошланганидан бери шок зарбаларига дош беришни бироз ўрганишганига қарамай, Тайвань инқирози энг юқори нуқтага айланиши мумкин. Геосиёсий муаммолар ва COVID-19дан кейинги оқибатлар таъминот занжирларига таъсир қилишда давом этиб, маҳсулот нархини кўтармоқда, шунинг учун ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар Хитой ва АҚШ ўзларини тия олишларига ва Тайвандаги вазиятни тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка олиб келмаслигига умид қилишлари мумкин.