Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Канада, Голландия, Испания, Германия, Италия, Австралия, Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги сиёсати ва илғор тажрибалари ўрганилди.
Жорий йил 1 июнь санансида АОКАда водород энергетикаси технологиялари соҳасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари бўйича брифинг бўлиб ўтди. Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова соҳа бўйича қилинадиган ишлар бўйича тўлиқ маълумот бериб ўтди.
Унга кўра:
1) Қуёшнинг мужассамлашган ёруғлик оқимининг иссиқлиги таъсирида ва катализаторлар ёрдамида водород олиш технологияси яратилади ва унинг асосида 1700° гача ҳароратда термокимёвий усулда водород олиш қурилмасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади;
2) Сувни электролиз усулида парчалаб, водород газини ажратиб олиш жараёнида қўлланиладиган маҳаллий хомашёдан катализатор турлари яратилади;
3) Водород газини сақлашга мўлжалланган маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда металгидридлар намуналари яратилади ҳамда уларда сақланаётган водородни ажратиб олиш ва қўллаш технологияси ишлаб чиқилади;
4) Аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида ҳаракатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади;
5) «Яшил» водород ёқилғисидан иссиқлик ва электр энергиясини олишга мўлжалланган тажриба-пилот қурилмаси яратилади.
6) Водород энергетикаси технологиялари соҳасига оид стандартлар, регламентлар, қоидалар ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш бўйича услубиётлар яратилади.
Олиб борилаётган изланишлар натижасида водород ёқилғисидан фойдаланиш қазилма углеводород ёқилғиларидан фойдаланиш жараёнлари билан иқтисодий жиҳатдан рақобатлаша оладиган бўлгандан сўнг, водород энергетикасидан йирик саноат кўламида фойдалана бошланади.
Эслатиб ўтамиз, экспертларнинг прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб жаҳон энергетикасидаги водород энергиясининг улуши 18 фоиз, аср сўнгига келиб 40 фоиздан ортиқни ташкил этиши кутилмоқда.