Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан импорт маҳсулотлар ҳажмини ва таркибини оптималлаштириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги ПФ-5229-сонли “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган. Ушбу ҳужжатга асосан Агентлик фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги 993-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Низомга кўра, Агентлик зиммасига фармацевтика бозори конъюктурасини ўрганишни ташкиллаштириш, унинг асосида ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, етакчи хорижий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларида рақобатдош, юқори сифатли янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш ҳамда импорт қилинаётган ва республика ҳудудида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида тўлиқ ахборот йиғишни таъминловчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимини шакллантириш вазифалари белгиланган.
Шу билан бирга Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4554-сон қарори билан тасдиқланган 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси изчил бажарилиб келинмоқда. Унинг доирасида Агентликда 2021 йил якунлари бўйича сезиларли натижаларга эришилди.
Жумладан, ишлаб чиқариш тизимида маҳаллий корхоналар томонидан умумий қиймати 3,6 трлн.сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилга нисбатан 29 фоизга ўсди. Фармацевтика маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш ва стандартлаштириш борасида 3 665 номдаги маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шулардан 3 184 тасини дори воситалари, 386 тасини тиббий буюмлар ва 95 тасини тиббий техника воситалари ташкил этади. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 221 та фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 91 таси дори воситалари, 32 таси тиббий техника, 90 таси тиббий буюмлар ва 8 таси дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу билан бирга, 140 та дорихоналарда муаяйян турдаги дори воситалари тайёрланиб келмоқда. Бундан ташқари, Агентлик тизимида 616 та улгуржи реализация билан шуғулланадиган ташкилотлар ва 15 790 та дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи дорихоналар ва уларнинг филиаллари мавжуд.
Бугунги кунда тиббиёт амалиётида қўлланишга рухсат этилган ва савдо номи, дозаси, шакли ҳамда қадоқдаги сонини ҳисобга олган ҳолда Uzpharminfo.uz ахборот тизимига киритилган дори воситаларнинг умумий рўйхати 32 989 тани ташкил этади. 2020 йилдан ҳозирга қадар 10 023 та дори воситаларининг чекланган, улгуржи ва чакана нархлари кайд этилди. Шундан, маҳаллий дори воситалари 2 951 тани, хорижий (импорт) дори воситалари 7 072 тани ташкил этади.
Соҳада инвестиция дастурига киритилган 36 та инвестицион лойиҳалар доирасида 2021 йил 97,5 млн. доллар инвестиция маблағлари (шу жумладан, 31,7 млн. долл. тўғридан-тўғри инвестициялар) ўзлаштирилди, бу эса режага нисбатан 100 фоизни ташкил этди. Эътиборлиси, умумий қиймати 70,7 млн. долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 862 та янги иш ўринлари яратилди.
2021 йилда умумий қиймати 70,2 млн. долларни ташкил этувчи фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари экспорти амалга оширилди. Натижада белгиланган режа прогнозга (40 млн. долл.) нисбатан 175,5 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, республика ҳудудига умумий қиймати 1,26 млрд. долларни ташкил этувчи дори маҳсулотлари импорт қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-55-сонли Фармонига биноан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни 3 бараварга ошириш вазифаси қўйилган. Бу борада январда беш йиллик дастур ҳам қабул қилинди.
Жумладан, ушбу Фармоннинг 4-банди “б” кичик бандининг 4-хат бошига биноан, халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловлар бекор қилинди. Фармоннинг 4-банди “в” кичик бандининг 4-хат бошига биноан, 2022 йил 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш ҳаражатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилиши жорий этилди.
Шу билан бирга, Агентликда сифатли ва арзон дори воситаларини етказиб бериш масалаларига эътибор сезиларли даражада кучайтирилди.
Жорий йилнинг 1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йиллик муддатга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш юзасидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Соғликни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда тегишли ишларни олиб боришмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш зарурки, ушбу чора-тадбирларнинг ижросига эришиш натижасида жорий йилнинг якунига қадар юртимизда 3,95 трлн сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлаш вазифаси белгиланган.