Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида илмий тадқиқотларнинг ижобий таъсирини ошириш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида мамлакатдаги аграр озиқ-овқат сектори илмий ва амалий ҳамжамияти вакиллари иштирокида “Ўзбекистон ривожланиш йўлида: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тадқиқотларини трансформация қилиш” мавзусидаги II Миллий қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат тадқиқотлари форуми бўлиб ўтмоқда.
Ушбу Форум ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази (AKIS) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) томонидан Европа Иттифоқи (ЕИ), БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), ЕИ ASK Facilty дастури ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг молиявий ва техник кўмаги билан ташкил этилди.
Тадбирнинг биринчи кунида Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг стратегик йўналишлари бўйича келажакдаги кутилган натижалар ва кўрсаткичларни аниқлаш, Тадқиқотлар ва тармоқ инновациялари ёрдамида стратегик мақсадларга эришиш, Стратегик йўналишларнинг таркибий қисмларини жорий имкониятлар бўшлиқларини белгилаш юзасидан вазифалар бажарилди.
Миллий форумнинг иккинчи кун тартибида НАРП стратегик йўналишларининг самарали ишлаши ва бошқа инновацион секторлар билан интеграциялашуви учун зарур бошқариш ва мувофиқлаштириш эҳтиёжлари; стратегик йўналишларини амалга оширишнинг молиялаштириш ва инвестиция механизмлари; стратегик йўналишларини амалга ошириш учун зарур имкониятларини аниқлаш ҳамда якуний натижалар асосида Миллий қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат илмий тадқиқот дастурининг таркибий тузилмаси, мувофиқлаштириш, амалга ошириш ва молиялаштириш механизмлари тўғрисида Резолюция қабул қилиниши кутилмоқда.
Икки кун давом этадиган мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий тадқиқотлари кўмагида секторни амалий ривожлантириш платформаси вазифасини ўташга хизмат қилади.