Автомобиль саноатининг глобал иқтисодиётга таъсири жуда катта: бу соҳага бевосита ва билвосита жаҳон ялпи ички маҳсулотининг жами 15%и тўғри келади, шунингдек, бевосита автосаноатда банд бўлган одам яна 8 нафардан 10 нафаргача одамни иш билан таъминлайди, деб ёзади Россиянинг Промрейтинг мустақил тадқиқот агентлиги.
Бу аксиома! Энди эса автосаноатнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини атрофлича кўриб чиқамиз.
2021 йил якунларига кўра, дунёда 80,2 млн.га яқин автомобил ишлаб чиқарилган. Ишлаб чиқариш ҳажмларига кўра энг йирик давлатлар бешталиги шундай кўринишга эга:
Хитой;
АҚШ;
Япония;
Ҳиндистон;
Жанубий Корея.
Хитойда ўтган йил давомида 26,1 млн.дан сал ошиқроқ автомобиль ишлаб чиқарилган. Ушбу мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2021 йилда 17,7 трлн. долларга етди ва 2020 йилга нисбатан 8,1%га ошди. Очиқ манбаларнинг гувоҳлик беришича, Хитой ЯИМнинг тахминан 10%и айнан автосаноат томонидан таъминланади. У 1,77 трлн. долларни ташкил этади. Солиштириш учун: Россиянинг бутун ялпи ички маҳсулоти ўтган йили тахминан худди шу суммага тенг бўлган.
Қўшма Штатлар авто ишлаб чиқариш жаҳмлари бўйича шоҳсупадаги биринчиликни 2000 йиллар сўнгидаёқ Хитойга бой берган бўлса-да, енгил ва юк машиналар ишлаб чиқаришда ривожланган давлатлар орасида энг йириги бўлиб қолмоқда. 2021 йил якунларига кўра, АҚШ ҳудудида 9,2 млн.та енгил, йўлтанламас ва енгил тижорат автомобили ишлаб чиқарилган. Мамлакат ЯИМ ўтган йили 23 трлн. долларни ташкил этди (2020 йилга нисбатан ўсиш 10,1%). Ушбу муҳим макроэкономик кўрсаткичнинг 3% улуши автомобил ишлаб чиқариш ҳиссасига тўғри келади (мутлақ ифодада — 690 млрд доллар). American Automakers ассоциациясининг таъкидлашича, қайта ишловчи саноатнинг бошқа ҳеч қайси сектори миллий ЯИМда бу қадар юқори улушга эга эмас. Бевосита автомобиль саноатида АҚШда 1,7 млн. турдош соҳаларда яна 8 млн одам ишлайди.
Япония ҳудудидаги автозаводлар ўтган йили умумий ҳисобда 26,1 млн.га яқин машина ишлаб чиқарди. Бунда 2021 йилда мамлакат жами бозор қиймати 5,1 трлн долларга тенг товар ва хизматларни тақдим этди. Японияда, худди Хитойдаги каби автомобиль саноати улуши жуда юқори — ЯИМнинг 10%и, яъни 510 млрд долларга тенг. Statista.com хизмати маълумотларига кўра, бевосита автосаноат ва у билан турдош соҳаларда Кунчиқар мамлакатда 5,9 млн одам ишлайди.
Ҳиндистон ўз автосаноатини чин маънода фаол ривожлантиришни охирги 15 йилда бошлаган бўлсада, аммо аллақачон ҳайратланарли натижаларга эришди —2021 йил давомида ишлаб чиқариш ҳажми 4,4 млн бирликкача ўсди. Ушбу жанубий осиё мамлакатининг ЯИМ 2021 йил якунларига кўра, 2,85 трлн долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 8,4%га ўсишни кўрсатди. Ҳиндистон ҳукуматининг мақсадли ҳаракатлари туфайли автосаноатнинг давлат миллий иқтисодиётидаги аҳамияти сўнгги йилларда 7,1%лик кўрсаткичга етди (202,35 млрд доллар). 2,72 млн одам бевосита Ҳиндистон автосаноати корхоналарида ишлайди ва яна шунча иш ўринлари турдош соҳаларда яратилган.
Жанубий Кореяда сўнгги йил давомида 3,5 млн.дан зиёд авто ишлаб чиқарилган, машиналарнинг тахминан 60%и эса ташқи бозорларга экспорт қилинган. Кореядаги автосаноат анъанага мувофиқ, асосий “иқтисодий локомотив”лардан бири саналади: ушбу мамлакатда соҳанинг ЯИМдаги улуши 10%дан ошиқ. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Жанубий Корея ялпи ички маҳсулотининг ўзи 2021 йилда 1,7 трлн долларга етди ва 2020 йилдаги 4%лик кўрсаткични ортда қолдирди.
Автосаноат мультипликатив таъсирга эга ва ўз ортидан қатор турдош соҳалар, хусусан, металлургия, кимё, нефт кимё, электрон ва енгил саноат кабиларни эргаштиради.
Kearney консалтинг компанияси мутахассисларининг фикрича, бутун дунёда автомобиллар минтақавий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи вазифасини ўтайди. Тўлиқ циклдаги йирик автозаводлар атрофида, табиийки, дастлабки комплектация (OEM) учун таркибий қисмлар ишлаб чиқарувчилари, хом-ашёни қайта ишлаш корхоналари, сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш нуқталари, транспорт хизматлари етказиб берувчиларидан иборат саноат кластерлари шаклланади. Ушбу кластерлар инфраструктура ва маъмурий ҳудудлар ривожланиши, янги турар жой ҳудудларини яратиш, якка тартибдаги даромадларнинг ўсиши ва ҳ.к. учун замин ҳозирлайди. Автозаводлар атрофида шаклланган шаҳарларга Улсан (Жанубий Корея), Детройт (АҚШ) ва Тольятти (Россия) яққол мисол бўла олади.
«Автоброкер Клуб» нашри бош муҳаррири, автобизнес соҳасидаги кўплаб Россия ва халқаро профессионал конференциялари иштирокчиси Виталий Архиреев автосаноатнинг хусусий, кичик ва ўрта бизнес ривожланишига таъсирини шундай изоҳлайди: «Автомобил бозоридаги фаоллик ҳатто ўзини банд қилганлар ва кичик бизнесга ҳам импулс беради, чунки барча авто эгалари ҳам расмий ташкилот стандарти хизматларига мурожаат қилмай, нисбатан арзонроқ хусусий авто усталар хизматини афзал билади. Ва бу ҳолатда биз нафақат хусусий ташкилот стандартлари, балки эҳтиёт қисмлари дўконлари, тюнинг-ателье, детейлинг-марказлари ривожланишига ҳам гувоҳ бўламиз. Юқорида тилга олинганларнинг барчаси оддий одамга яқинроқ ва тушунарлироқ. Бу пул ишлаш, оиласи ҳақида қайғуришга ёрдам беради».
Автосаноатдаги битта иш ўрни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида тўртта ва ундан кўпи иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бу борада миллий автомобиль саноатини режали тарзда ривожлантирган ва кенгайтирган Жанубий Корея тажрибаси эътиборга лойиқ — бу бошқа соҳалар қаторида маҳаллий металлургия ривожланишига сабаб бўлди: шу тариқа, корея компаниялари томонидан пўлат сотиш ҳажми 2002 йилдаги 55 минг тоннадан 2012 йилда 210 минг тоннагача ошди.
Россия 2021 йилда жаҳон автомобиль ишлаб чиқариш рейтингида 11-ўринни эгаллади, мамлакатда 1,566 млн авто ишлаб чиқарилган. Автосаноатнинг миллий ЯИМдаги ҳиссаси унчалик катта эмаслигича қолмоқда — 1,5% атрофида. 2021 йилдаги бутун ЯИМ РФда 1,71 трлн долларни ташкил этди (+4,7%). Шу билан бирга аҳолининг бандлиги нуқтаи назаридан, соҳа жуда муҳим — бевосита Россия автосаноати корхоналарида 2020 йилда 278 минг нафардан ортиқ одам меҳнат қилган, турдош соҳаларда эса яна 3,5 млн.та иш ўрни унга боғлиқ.
МДҲ мамлакатлари орасида сўнгги йилларда автосаноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган давлатлардан яна бири – Ўзбекистон. Миллий ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors ўз фаолиятини 1993 йилдан бошлаган.Таъкидлаш керакки, Асака шаҳридаги завод Марказий Осиё ҳудудидаги тўлиқ циклда автомобиль ишлаб чиқарувчи ягона иншоот ҳисобланади.
2019 йилдан буён мамлакатда 2023 йилга қадар миллий автосаноатни тезкор суръатларда ривожлантириш бўйича давлат дастури жорий қилинган. Унинг доирасида UzAuto Motors’да қиймати 427,7 млн долларга тенг инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Унинг асосида 2022 йилда корхонада (бу ерда ҳам тўлиқ циклда — пайвандлаш ва бўяш ишлари билан) Американинг General Motors концерни томонидан ишлаб чиқилган энг янги GM GEM платформасида серияли автомобиль ишлаб чиқариш ташкил этилади. GM GEM шассисининг янги моделлари – Chevrolet Tracker — тўртинчи авлод ихчам кроссовери ҳамда ҳамёнбоп седан — Chevrolet Onix’дан умидлар катта.
2021 йил якунларига кўра UzAuto Motors 235 000та автомобиль ишлаб чиқарди. Агар Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянадиган бўлсак, Ўзбекистон саноати қайта ишлаш соҳалари тузилмасида автосаноат улуши 2021 якунлари бўйича 8,5%га етган. 2020 йилда айнан UzAuto Motors ҳиссасига республика миллий ялпи ички маҳсулотининг 4,5%и, яъни 57,7 млрд доллардан 2,6 млрд доллар тўғри келган. 2021 йилда UzAuto гуруҳи корхоналарида 27 минг нафардан зиёд одам ишлаган – бу мамлакатнинг энг йирик иш берувчиларидан бири. 2022 йил давомида эса UzAuto Motors Асака ва Хоразмдаги заводларида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмларини 275 минг автомобилгача оширишни режалаштирмоқда.
Шубҳасиз, 2022 йил феврали охири ва март ойларида иқтисодиёт ва автосаноат мисли кўрилмаган глобал чақириқларга дуч келди. Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларни қўллаши жаҳон бозорларидаги барқарорликни издан чиқарди — нефть, газ, металлар ва бошқа хом-ашё нархи кескин ошди. Жорий вазият ишлаб чиқариш ва савдога салбий таъсир қилмоқда, негаки, бир томондан автомобиль ишлаб чиқаришнинг таннархи ошиб, иккинчи томондан автомобиль эксплуатацияси қимматлашди. Ҳарбий-сиёсий турбулентлик сабаб бу йилги автосаноат истиқболлари бўйича прогнозларни илгари суришнинг иложи йўқ.
Маълумки, «инқироз» маъносини англатувчи хитой иероглифини «имконият» сўзи сифатида ўқиш ҳам мумкин. Кўплаб мамлакатлар автомобил соҳасининг ҳозирги инқирози Ўзбекистонга йирик минтақавий автомобиль ишлаб чиқариш маркази сифатидаги позициясини мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятни яратади.
Ахир, Россиядан фарқли ўлароқ, биринчидан, унга санкциялар босим ўтказаётгани йўқ. Иккинчидан, ўзбек автомобилсозларида Chevrolet жаҳон бренди билан ҳамкорлик туфайли ишлаб чиқариш ва менежментнинг энг янги технологияларидан фойдаланиш имконияти мавжуд ва мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида маҳсулот етказиш борасида муаммо йўқ.