Вазирлар Маҳкамасининг 10.02.2022 йилдаги “Бухоро вилоятида қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 70-сон қарори қабул қилинди.
Бухоро вилоятида кластер усулида қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш, маҳаллий минерал-хомашё ресурсларини қайта ишлашга инвестицияларни жалб қилиш, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мақсадида қуйидаги вазифалар қўйилди:
цемент хомашёсини, оҳактош, гипс ва бошқа хомашёларни қазиб олишни ошириш;
мармар ва гранит конларини ўзлаштириш, замонавий пардозбоп қоплама тошлар ишлаб чиқариш;
графит конини тўлиқ ўрганиш, уни саноат усулида қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, графит электрод, тез зарядланувчи аккумуляторлар учун графит таёқчалар ва замонавий электротехника саноатининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
охрани қазиб олишни ташкил этиш, ундан тайёр махсулотлар, бўёқлар, минерал тўлдиргичлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
қум-шағал аралашмаси конларини ўзлаштириш, саралаш ва майдалаш қувватларини барпо этиш ҳамда инерт материаллар (қум, шағал)дан тайёр темир- бетон маҳсулотлари, асфальт ва йўл қурилиши материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш.
Қуйидагилар тасдиқланди:
Бухоро вилоятида аукцион савдоларига чиқариладиган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхатлари;
Бухоро вилоятида геологик-қидирув ишларини амалга ошириш учун таклиф этилаётган истиқболли ер қаъри участкалари рўйхати;
Бухоро вилоятида 2022-2023 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;
Бухоро вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилиши таклиф этилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.02.2022 йилдан кучга кирди.