Сув – энг қиммат ва энг қийматли бойлигимиздир. Сувнинг моҳияти ва аҳамияти замонлар ва асрлар оша ҳамон долзарблигича қолмоқда. Сайёрамиз фаровонлиги бевосита ва билвосита умуминсоний хазинага боғлиқдир.
Мамлакатимиз вилоятлари ва туманлари ҳам “рангсиз, ҳидсиз” бу бебаҳо бойликка муносиб бўлиш ва эга бўлишни йилларки орзулашар эди. Ўзбекистонимизнинг Жиззах вилояти аҳолиси ҳам сувдек сероб мўл-кўлликка етишишишни узоқ йиллар орзу қилишди. Энг чиройли ва самимий ниятлари, тилаклари айнан сув билан чамбарчас эди.
Янги Ўзбекистоннинг янги истиқболли келажаги кесмасида мазкур орзуларнинг ҳақиқатга юз тутиши неча авлодлар армонининг ижобий ниятлар билан ўрин алмашиши бугун айни ҳақиқат бўлиб турибди.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Жиззах шаҳрида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси доирасида қурилаётган янги сув иншоотлари бунинг яққол далилидир.
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қиймати 579,5 млрд. сўм бўлган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиха доирасида бугунги кунга қадар 394,8 млрд сўм (68 %) маблағ ўзлаштирилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан 1-кўтариш насос станцияси ва сув тиндиргичи ҳамда қуввати кунига 100 минг метр куб бўлган “Узунбулоқ” сув тозалаш иншооти қурилди.
1-кўтариш насос станциясидан “Узунбулоқ” сув тозалаш иншоотигача 16,6 км ҳамда “Узунбулоқ – Гагарин” магистрал ичимлик сув тармоғининг 77 км (46 фоизи) қувури ётқизилди.
Бундан ташқари, “Жиззах” сув тақсимлаш иншооти қурилиб, иншоотдан Жиззах шаҳридаги “Ўзбекистон” сув иншоотигача 4 км магистрал ичимлик сув қувури ётқизилди. Хозирда “Ўзбекистон” сув иншоотидан шахарнинг 7 та (Х.Олимжон, Навоий, Улуғбек, Кимёгар, Маданият, Сулоқли, Қалия) махаллаларига узлуксиз ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Топширилиши 2022 йил 1 декабрга режалаштирилган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида вилоятнинг 7 та – Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳри ҳудудларидаги 625 минг (вилоят аҳолисининг 45 фоизи) нафар аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб берилади.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5883-сонли Фармони билан ташкил этилган. Унинг устав капитали Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг давлат унитар корхоналари устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини топшириш ҳисобига шакллантирилиб, ушбу корхоналар масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта тузилган.
2020 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилган.
Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида 22 мингдан зиёд ходимлар фаолият юритиб келади.
Юқоридаги маълумотлар аҳамиятли албатта, бироқ бу рақамлар ва статистик кўрсатгичлар амалга оширилаётган ишларнинг залворини ифодалашга ожиздир. Ҳатто тасаввурнида жунбушга келтираётган мазкур иншоотнинг ҳажми, ишининг кўлами бу мамлкатда энг аввало инсон қадри биринчи ўринда туришидан далолатдир. Оқиб турган дарё сувининг бир неча жараёнлардан иборат қайта ишланиши натижасида чучук сув бўлиб аҳолига етказилишининг ўзи мўжиза сифатида баҳоланмоқда. Қувурларимиздан оқиб келиб турган беминнат ҳаётимизнинг манбаи бўлмиш кумуш сувимиз асло инсониятнинг армонига айланмасин.