Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун ўтказилган анъанавий брифингда ўтган ҳафтада давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тадбирлар аҳамияти ҳақида маълумот берди.
«Президент 28 июнь куни мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари бу соҳага алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда эса бу бозорни эгаллаш бўйича жуда катта имконият бор. Охирги йилларда геологик қидирувларга ажратилган маблағлар натижасида юртимизда янги-янги конлар топилмоқда. Хусусан, бугунги кунда 40 миллион тоннадан ортиқ мис захираси аниқланган.
Энг асосийси, давлат раҳбари энди мисни қуруқ хомашё шаклида эмас, балки уни қайта ишлаб, қўшилган қийматли маҳсулот сифатида сотиш талабини қўймоқда.
Бугунги кунда миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинмоқда. Мисдан келадиган даромад 2,5 миллиард долларни ташкил этаётир. Келгуси 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннагача етказиш орқали бу кўрсаткични, турдош тармоқлар билан бирга, 7-8 миллиард долларга етказиш мумкин.
Шу мақсадда, президентимиз қарорига мувофиқ, Мис саноати кластери ташкил этилмоқда. Ушбу кластер томонидан лойиҳалаштиришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар тизимли ташкил этилади.
Шу билан бирга, геология-қидирув ишлари ҳам давом эттирилади. Давлатимиз раҳбари йиғилишда рангли ва ноёб металларни қидирув ишларини кенгайтириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бердилар», деди Шерзод Асадов.