Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича вазиятни танқид қилди:
«Очилбой Раматов вилоят ҳокимлари билан бирга, марказлашган инвестициялар ҳисобидан май-июнь ойларида 4,5 триллион сўмлик ишларни амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар.
Биринчи чоракда марказлашган инвестициялар бўйича режага нисбатан 2,7 триллион сўмлик (56 фоиз) ишлар кам бажарилган. 175 та уй-жойлар массивининг (1 мингта кўп қаватли уй) бор-йўғи 36 таси бўйича пудратчилар аниқланган.
Бунда, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Хоразмда объектлар қурилиш рейтинги бўйича мос келмайдиган қурувчи ташкилотларга берилган. Битта рейтингга кирмаган ташкилот кирса, демак унга ҳокимлар шерик дегани, коррупция бор дегани. Ким сизларнинг кабинетларингга кириб, нималар таклиф қиляпти?! Бу — халқнинг пули, ҳар бир сўми учун жавоб берасизлар!
Раматов, Зокиров вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда 139 та турар-жой массиви бўйича тендерларни якунлаб, қурилиш ишларини бошласин», — деди давлат раҳбари.