2026-йил 27-ноябрь куни Тошкент халқаро бизнес марказида Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДAБА) томонидан анъанавий инвестициявий имкониятлар ва давлат активлари Roadshow тадбири ўтказилади. Олтинчи йил кетма-кет ташкил этилаётган мазкур тадбир ҳудудий сафарнинг якуний босқичи ҳисобланади.
Йирик форумда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов, халқаро молия институтлари, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ҳамда инвесторлар иштирок этади.
Roadshow тадбири ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва мамлакатга инвестициялар жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. У иштирокчиларга истиқболли объектлар ҳақида долзарб маълумот олиш, давлат идоралари вакиллари билан B2G ва B2B учрашувлари орқали тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, шунингдек, мол-мулкни сотиб олишнинг янги механизмлари билан танишиш имконини беради.
Бундай ташаббуслар хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, фойдаланилмаётган объектларни иқтисодий муомалага киритиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай ва очиқ шароит яратишда муҳим ўрин тутади.
Roadshow доирасида жорий йил 28 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-177-сон фармони билан тасдиқланган 2026–2027 йилларга мўлжалланган янги хусусийлаштириш дастурини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Иштирокчиларга давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш соҳасида назарда тутилган замонавий имтиёзлар ҳамда механизмлар, жумладан, сотиб олишнинг соддалаштирилган тартиблари, хусусий капитал учун кенгайтирилган преференциялар ва инвесторлар учун янги кафолатлар батафсил тушунтирилади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари бизнес ташаббусларини амалга ошириш учун савдога чиқарилаётган янги активлар, ер участкалари ва талаб юқори бўлган кўчмас мулк объектлари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Расмий қисм якунида потенциал инвесторлар ва бизнес вакиллари билан якка тартибдаги музокаралар ўтказилади.
Roadshow тадбирининг асосий мақсади тадбиркорлик субъектларининг савдога чиқарилган объектлар, амалдаги хусусийлаштириш механизмлари ва давлат мулкини сотиб олиш имкониятлари ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат. Бу потенциал инвесторлар доирасини кенгайтириш ва иқтисодий барқарор ўсишни таъминлашда давлат активларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Маълумот учун
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини бошқариш, хусусийлаштириш ва ундан самарали фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, шунингдек, хўжалик жамиятларида акциядор сифатида давлат манфаатларини ифода этувчи давлат органи ҳисобланади.
Агентлик ҳар йили ўтказиладиган Roadshow доирасида тадбиркорлар ва инвесторларга мамлакат ҳудудлари ҳамда пойтахтда хусусийлаштириш учун савдога чиқарилаётган давлат активлари, корхоналар акция пакетлари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этади. Бу бизнесни ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.


