АҚШнинг Флорида штатида Learjet 60 бизнес-джети ҳалокатга учради. Авиация ҳодисаси оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди.
Фожиа 1 ноябрь куни кундузи Уэст-Палм-Бич ҳудудида содир бўлган. Самолёт Остин шаҳридан Багама ороллари томон парвоз қилаётган бўлган. Бироқ у йўлда, кўчма уйлар жойлашган паркка кириш қисми яқинидаги турар жой ҳудудига қулаб тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатдан олдин учувчи авиадиспетчерларга об-ҳаво шароити мураккаблиги ҳақида хабар берган. Парвоз ҳудудида ёмғир, музлаш ва ўртача даражадаги турбулентлик кузатилган.
Кўп ўтмай, учувчи самолёт устидан бошқарув йўқолганини маълум қилган. Бироз вақтдан сўнг ҳаво кемаси билан алоқа узилган.
Ҳалокатнинг ҳолатлари ва аниқ сабабларини тегишли хизматлар аниқламоқда. Мутахассислар об-ҳаво шароити ҳамда эҳтимолий техник носозликлар фожиага қай даражада таъсир кўрсатганини текширади.


