Тошкент шаҳрини Тошкент ва Зангиота туманлари билан боғлайдиган учта янги автобус йўналиши ишга туширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси хабар берди.
Йўловчи ташишни ташкил этиш учун «Keles Renesans» МЧЖ Хитойнинг ZHONGTONG компаниясидан 54 та автобус сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Бошқарма маълумотига кўра, зарур дастлабки тўловлар амалга оширилган. Барча автобуслар 2026 йил ноябрь ойи охирига қадар етказиб берилиши кутилмоқда.
Йўловчилар оқимидан келиб чиқиб, автобуслар учта йўналишга тақсимланади:
- 162-йўналиш — «Қўшқунди» маҳалласидан «Чорсу» савдо маркази автостанциясигача;
- 163-йўналиш — «Тўқимачилар» маҳалласидан «Чорсу» савдо маркази автостанциясигача;
- 167-йўналиш — «Тошкент» колхозидан «Чорсу» савдо маркази автостанциясигача.
163-йўналиш автобуслари «Тўқимачи», «Назарбек» ва «Тарнов» маҳаллалари, шунингдек, Шифобахш сувлар ва Беруний кўчалари орқали ҳаракатланади.
Транспорт бошқармаси янги йўналишлар автобусларни кутиш оралиғини қисқартириш, амалдаги йўналишлардаги юкламани камайтириш ҳамда пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудлар ўртасида қатновни қулайлаштиришга хизмат қилишини кутмоқда.
Автобуслар ҳаракати қачон бошланиши ва қатнов жадвали ҳозирча аниқлаштирилмаган.


