Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Иккинчи Фарғона тинчлик форумида Фарғона водийси мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов 28–29 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг Хўжанд шаҳрида ўтказилаётган «Фарғона водийси: тинчлик, ишонч ва фаровонлик макони» мавзусидаги Иккинчи Фарғона тинчлик форумида нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум иккинчи йил кетма-кет Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг давлат тузилмалари, экспертлар ҳамжамияти, илмий доиралари ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирмоқда.
Фарғонада бўлиб ўтган биринчи форум умумий мулоқот маконини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлган бўлса, Э. Ариповнинг таъкидлашича, Хўжанддаги навбатдаги учрашув ушбу жараённинг амалий аҳамиятини оширишга — эришилган ўзаро англашувдан қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишга ўтишга хизмат қилиши лозим.

Фарғона жараёни — минтақада шаклланаётган янги воқеликнинг ифодаси
СМТИ директори ўз нутқида Фарғона тинчлик форуми аста-секин Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги мустақил субъект сифатидаги янги ўрнини акс эттирувчи минтақавий ҳамкорлик механизмига айланиб бораётганини қайд этди.
Бунда минтақа давлатларининг хавфсизлик ва тараққиёт кун тартибини нафақат мустақил шакллантириш, балки уни халқаро миқёсда биргаликда илгари суриш салоҳияти назарда тутилмоқда.
Мисол тариқасида Э. Арипов 2026 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий Осиё давлатларининг чегараолди низоларини тинч йўл билан ҳал этиш, минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, шунингдек, келажак авлодлар манфаатлари йўлида тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган учта ташаббуси қабул қилинганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, ушбу ташаббусларнинг овозга қўйилмасдан қабул қилиниши минтақавий ташаббуслар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётганини намоён этади. Бу, шунингдек, Марказий Осиё ўзининг конструктив кун тартибини тобора фаол илгари сураётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, Э. Арипов давлатлараро келишувлар одамларнинг кундалик ҳаётида амалий ифодасини топиши лозимлигини таъкидлади.
«Хавфсизлик — бу фақат низоларнинг йўқлиги эмас. Бу эркин таълим олиш, меҳнат қилиш, савдо-сотиқ билан шуғулланиш, саёҳат қилиш, қариндошлик алоқаларини сақлаш, ресурслардан биргаликда фойдаланиш ва эртанги кунга ишонч билан қараш имкониятидир», — деди у.
Шу боис Фарғона жараёнининг навбатдаги босқичи марказида чегараолди ҳудудлар аҳолисининг манфаатлари турадиган барқарор амалий ҳамкорлик тизимини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.
Ҳамкорликнинг янги босқичи учун тўртта йўналиш
Шу муносабат билан Э. Арипов Фарғона водийси тараққиётига қўшимча суръат бағишлаши мумкин бўлган тўртта устувор йўналишни белгилаб берди.
Биринчи йўналиш — чегараларни ўсиш нуқталарига айлантириш
СМТИ директорининг таъкидлашича, Фарғона водийси тарихан ажратувчи эмас, балки бирлаштирувчи макон — савдо йўллари, маданиятлар ва инсонлараро алоқалар чорраҳаси бўлиб келган.
Бугун водийнинг ушбу тарихий вазифаси янги иқтисодий мазмун касб этиши мумкин.
Бунда трансчегаравий инфратузилма, логистика, электрон тижорат, сайёҳлик йўналишлари ва чегараолди бозорларни ривожлантириш назарда тутилмоқда.
Уч мамлакатнинг умумий бозори, катта меҳнат салоҳияти ва ишлаб чиқариш базаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат, машинасозлик ҳамда бошқа тармоқларда қўшма корхоналар ташкил этиш ва кооперация лойиҳаларини йўлга қўйиш учун шароит яратади.
Шу тариқа, иқтисодий ўзаро боғлиқлик қўшнилар ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг амалий воситаларидан бирига айланиши лозим.
Иккинчи йўналиш — инсонлараро алоқаларни ривожлантиришга сармоя киритиш
Барқарор тинчликни фақат ҳукуматлараро битимлар орқали таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун жамиятлар ўртасида мустаҳкам ва бевосита алоқалар зарур.
Шу муносабат билан Э. Арипов таълим соҳасидаги ва ёшлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, университетлар ҳамда тадқиқот марказлари ҳамкорлигини ривожлантириш, қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, журналистлар, тадбиркорлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Фарғона жараёнида ёшлар иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йил июнь ойида Фарғонада Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тинчликни мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритаётган ёшлари учун ташаббус йўлга қўйилди.
Мазкур йўналишдаги ишларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида Э. Арипов Фарғона форуми шафелигида Фарғона шаҳрида «Марказий Осиё ёш тинчликпарварлари клуби»ни ташкил этишни таклиф қилди.
Яна бир амалий таклиф сифатида Фарғона вилоятидаги соғломлаштириш оромгоҳлари негизида чегараолди ҳудудларнинг фаол ёшлари учун ёзги оромгоҳлар ташкил этиш илгари сурилди.
Унинг таъкидлашича, айнан янги авлод Марказий Осиёда ишонч ва яхши қўшничилик маданиятини қарор топтириш ҳамда ривожлантиришда асосий кучлардан бирига айланиши лозим.
Учинчи йўналиш — умумий ресурслар ва хавф-хатарларни биргаликда бошқариш
Нутқда давлат чегараларини тан олмайдиган умумий муаммолар мавзуси алоҳида ўрин эгаллади.
Сув ресурслари, ерларнинг ҳолати, иқлим ўзгариши, экологик таҳдидлар ва демографик босим Фарғона водийсининг ҳар учала қисмига бевосита таъсир кўрсатади.
Бундай шароитда, Э. Ариповнинг таъкидлашича, алоҳида-алоҳида чоралар кўришдан хавф-хатарларни биргаликда бошқаришга ўтиш зарур.
Амалий чоралар қаторида у экологик ва ижтимоий хавф-хатарларнинг қўшма мониторингини йўлга қўйиш, маълумот алмашинувини ривожлантириш, «яшил» технологияларни жорий этиш ҳамда табиий ресурслардан янада оқилона фойдаланишни таклиф қилди.
Бундай ёндашув юзага келаётган муаммоларга самаралироқ жавоб бериш билан бирга, уларнинг кенгроқ кўламдаги ижтимоий кескинликка айланишининг олдини олиш имконини беради.
Тўртинчи йўналиш — чегараолди ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш
СМТИ директорининг фикрича, уч мамлакатнинг чегараолди ҳудудлари ўртасидаги бевосита ҳамкорлик тараққиётнинг яна бир муҳим захираси бўлиб қолмоқда.
Одамларнинг кундалик ҳаёти учун бевосита аҳамиятга эга кўплаб масалалар айнан маҳаллий даражада ҳал этилади. Улар савдо ва транспортдан тортиб, қишлоқ хўжалиги, экология, таълим ҳамда инфратузилмадан фойдаланишгача бўлган соҳаларни қамраб олади.
Шу муносабат билан Э. Арипов маҳаллий ҳокимият органлари, тадбиркорлар, фермерлар, университетлар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада фаол ривожлантиришни таклиф қилди.
Бунинг мумкин бўлган воситалари қаторида чегараолди ҳудудлар вакилларининг мунтазам учрашувлари, қўшма бизнес-форумлар, шунингдек, шаҳарлар ва муниципалитетлар ўртасидаги шериклик алоқалари қайд этилди.
«Иқтисодий алоқалар яхши қўшничиликдан манфаатдорликни кучайтиради ва айни пайтда юзага келадиган келишмовчиликларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради», — дея таъкидлади у.
Форумдан — доимий Фарғона жараёнига
Э. Арипов нутқининг алоҳида қисми Фарғона тинчлик форумини институционал ривожлантириш масаласига бағишланди.
У Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Еттинчи маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона тинчлик форумини мунтазам ўтказиладиган халқаро форумга айлантириш ташаббусини илгари сурганини эслатиб ўтди.
СМТИ директорининг фикрича, институционаллаштириш Фарғона жараёнини мураккаб бюрократик тузилмага айлантирмаган ҳолда, бошланган ишларнинг изчиллиги ва давомийлигини таъминлаши лозим.
Шу боис форум ташаббусларини ғоя босқичидан амалий рўёбга чиқаришгача экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлай оладиган доимий механизмни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг стратегик тадқиқотлар институтлари ходимлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида лойиҳа гуруҳини тузиш таклиф этилди.
Мазкур гуруҳ форум ташаббусларини экспертлик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аниқ лойиҳаларни тайёрлаш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш билан шуғулланиши мумкин.
Фарғона водийси — янги минтақавий воқелик лабораторияси
Нутқи якунида Э. Арипов Фарғона жараёнининг алоҳида аҳамияти сиёсий келишувларни одамларнинг амалий манфаатлари билан боғлай олишида эканини таъкидлади.
«Фарғона водийси — қўшнилар хавфсизлиги ўз хавфсизлигининг бир қисми, уларнинг тараққиёти эса умумий юксалиш имконияти сифатида қабул қилинадиган янги минтақавий воқелик лабораториясидир», — деди СМТИ директори.
Унинг сўзларига кўра, Фарғона тинчлик форумининг муваффақияти учрашувларнинг мунтазамлиги билангина эмас, балки, аввало, муҳокама қилинаётган ғояларнинг янги лойиҳалар, барқарор алоқалар ва қўшма ташаббусларда қай даражада амалий ифода топиши билан белгиланади.
«Фарғона водийсидаги тинчлик нафақат тарихий ютуқ, балки унинг халқлари фаровонлигининг барқарор шартига айланиши лозим», — дея сўзини якунлади Э. Арипов.
Шу тариқа, Иккинчи Фарғона тинчлик форуми минтақавий ҳамкорликнинг навбатдаги босқичига — ишончни мустаҳкамлашдан биргаликдаги тараққиёт механизмларини шакллантиришга ўтиш йўналишини белгилаб берди.
Айнан шу нуқтаи назардан, Фарғона водийси нафақат географик макон, балки Марказий Осиёда ўзаро масъулият, амалий ҳамкорлик ва тинчликдан умумий манфаатдорликка асосланган янги яхши қўшничилик маданияти шаклланаётганининг энг яққол мисолларидан бири сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Маълумот учун: Иккинчи Фарғона тинчлик форуми Тожикистон Республикаси Ҳукумати кўмагида Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамда Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан ташкил этилди.
Форум Фарғона водийси мамлакатлари ва халқлари ўртасида тинчлик, ишонч, яхши қўшничилик ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан экспертлар, тегишли институтлар ҳамда жамоатчилик вакилларининг очиқ мулоқоти учун майдон бўлди.


