Жаҳон чемпионати–2026 доирасида “B” гуруҳининг навбатдаги учрашувида Босния ва Герцеговина терма жамоаси Қатар устидан ишончли ғалабага эришди. Сиэтл шаҳрида бўлиб ўтган баҳсда европаликлар рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг биринчи бўлими боснияликларнинг устунлиги остида кечди. Ҳисоб 25-дақиқада очилди. Керим-Сэм Алайбегович узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди.
Орадан кўп ўтмай Қатар терма жамоаси ўз дарвозасига гол ўтказиб юборди. Эдин Джеконинг хавфли узатмасидан кейин ҳимоячи Султон Ал-Брака тўпни ўз дарвозасига йўналтириб қўйди ва ҳисоб 2:0 кўринишига келди.
Мазкур баҳс Қатар учун турнирдаги яна бир омадсиз учрашув бўлди. Жамоа кетма-кет иккинчи ўйинда автогол муаллифига айланди. Шу билан бирга, учрашув Босния ва Герцеговина ҳужумчиси Эдин Джеко учун рамзий аҳамият касб этди. 40 ёшли футболчи миллий терма жамоа сафидаги 150-ўйинини ўтказди.
Икки турдан сўнг ҳар икки жамоа ҳисобида бир очкодан мавжуд эди. Шу боис мазкур баҳс ғолиби плей-офф босқичига чиқиш учун муҳим устунликка эга бўлиши кутилган эди. Қўлга киритилган ғалаба Босния ва Герцеговина терма жамоасининг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини сезиларли даражада оширди, Қатар эса мусобақадаги аҳволини янада мураккаблаштирди.

