Ўзбекистонлик тадбиркорлар Беларусдаги бир қатор чорвачилик мажмуаларини ижарага олиш ёки сотиб олиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу масала Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг Беларус ҳудудларига ташрифи давомида муҳокама қилинди.
Ташрифнинг асосий мақсади чорвачилик соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини ўрганиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини баҳолашдан иборат бўлди.
Учрашувлар чоғида аграр тармоқдаги ҳамкорликни кенгайтириш, сармояларни жалб этиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма ташаббуслар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, чорвачилик тармоғини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

