Президент Шавкат Мирзиёев тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли ечимлар ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этишга бағишланган тақдимот билан танишди.
Мамлакат иқтисодиётида тоғ-кон саноати муҳим ўрин тутади. 2025 йилда тармоқ корхоналари умумий саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 20 фоизини таъминлади. Шунингдек, улар томонидан бюджетга 118,5 триллион сўм маблағ туширилди.
Шу боис соҳани технологик трансформация қилиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланишда стратегик аҳамият касб этади.
Бугунги кунда дунёда «барқарор ривожланиш» ва «рақамли геология» концепциялари жадал ривожланмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2025 йилда йирик тоғ-кон корхоналарида 7,3 триллион сўм операцион харажатлар тежалди, маҳсулот таннархи эса 9,1 фоизга камайди.
Шунингдек, «Геомониторинг» ахборот тизими жорий этилди ва 2 мингдан ортиқ кон бўйича маълумотлар рақамлаштирилди.
Яқин беш йил ичида олтин захираларини 879 тонна, кумушни 510 тонна ва мисни 676 минг тоннага ошириш бўйича ишлар бошлангани қайд этилди.
Тақдимотда сунъий интеллект технологиялари геологик маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, фойдали қазилма конларини прогнозлаш, захираларни аниқ баҳолаш ва бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш имконини бериши таъкидланди. Шу мақсадда геология-қидирув жараёнларининг барча босқичларида сунъий интеллект ечимларини жорий этиш режалаштирилган.
Президент бунинг учун соҳада технологик трансформацияни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларини сунъий интеллект асосида бошқариш ва таҳлил қилиш тизимини яратиш зарурлигини таъкидлади.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида катта ҳажмдаги маълумотлар — хариталар, геология-қидирув натижалари, бурғилаш маълумотлари, лаборатория таҳлиллари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари шаклланади. Уларни ягона электрон базага жамлаш ҳамда 3D моделлар орқали тезкор қидириш ва таҳлил қилиш имкониятларини яратиш янги конларни аниқлаш самарадорлигини ошириши қайд этилди.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, бу орқали маҳсулот таннархини 10 фоизга пасайтириш, янги конларни очиш муддатини икки баравар қисқартириш ва инвесторлар учун таклифлар сонини тўрт баравар ошириш мумкин бўлади.
Тақдимотда 2030 йилга қадар геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун инвесторлар талабларига мос сифатли ва ишончли рақамли маълумотлар базасини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан Миллий геологик маълумотлар базасини яратиш таклиф этилди. Лойиҳа доирасида Технологик трансформация маркази ташкил этилиб, 36 мингдан ортиқ ҳисобот ва бирламчи маълумотлар рақамли форматга ўтказилади. Натижада геологик маълумотлар шакллантириш, конларни моделлаштириш ва захираларни ҳисоблаш сифати ҳамда тезлиги икки баравар ошиши кутилмоқда.
Президентга 2026–2030 йилларда геология соҳаси ва йирик саноат корхоналарида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш бўйича 44 та лойиҳани амалга ошириш режалари ҳам тақдим этилди.
Улар ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, корпоратив бошқарувни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, меҳнат ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда геология-қидирув ишларини рақамли трансформация қилиш каби бешта асосий йўналишни ўз ичига олади.
Лойиҳалар амалга оширилиши натижасида операцион самарадорликни 7 фоизга ошириш, техника ва ускуналар ишончлилигини 20 фоизга яхшилаш, энергия самарадорлигини 8 фоизга кўтариш режалаштирилган. Шунингдек, инсон омили билан боғлиқ хатолар ва хавфлар 15 фоизга қисқариши кутилмоқда.

