Ўзбекистон 2027 йилдан кучга кирадиган Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларига миллий қонунчилигини тўлиқ мослаштирган дунёдаги биринчи мамлакатга айланди.
Бу ҳақда Пекин шаҳрида ўтаётган Осиё–Тинч океани минтақасида спортда допингга қарши кураш масалалари бўйича вазирларнинг XXI Ҳукуматлараро йиғилиши ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё минтақавий симпозиумида маълум қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан спорт вазири Адҳам Икрамов иштирок этмоқда. Конференция давомида халқаро экспертлар мамлакатда допингга қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
WADA президенти Витольд Банька жорий йил январь ойида Ўзбекистонда ўтказилган халқаро антидопинг тадбирлари юқори савияда ташкил этилганини таъкидлади. Шунингдек, унинг қайд этишича, мамлакат февраль–март ойларида халқаро антидопинг стандартларига мувофиқлик бўйича текширувдан ҳам муваффақиятли ўтган.
Форум доирасида Адҳам Икрамов Ўзбекистонда антидопинг сиёсатини такомиллаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш ва ҳалол спорт тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маъруза қилди.

