Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши таҳлил қилиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш бўйича янги тартиб расман жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026 йил 8 май куни 3833-рақам билан “Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳужжатга кўра, йирик инвестиция лойиҳаси сифатида иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар ва инфратузилмани қуриш, кенгайтириш ёки модернизация қилишга қаратилган, молиявий ҳажми камида 50 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳалар тушунилади.
Янги тартибга мувофиқ, бундай лойиҳалар бўйича коррупцияга қарши экспертиза ҳамда рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш давлат органлари ва ташкилотларининг ички коррупцияга қарши назорат бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Таҳлил жараёнида юқори даражада коррупциявий хавфлар аниқланса, лойиҳа мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида салбий хулоса берилиши мумкин.
Шунингдек, экспертиза хулосаларида кўрсатилган камчиликлар ва қоидабузарликлар бартараф этилмагунча, йирик инвестиция лойиҳаларига расмий тасдиқ берилмаслиги белгиланди.

