Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Хитой — Марказий Осиё» инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ҳамда Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжатга Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори Акмал Саидов ва Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси раҳбари Ли Хункуй имзо чекди.
Меморандумда томонларнинг дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган интилишлари акс этган.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳамкорлик тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари асосида амалга оширилади. Томонлар инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида қатор қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди.
Хусусан, меморандум инсон ҳуқуқлари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, таълим дастурларини амалга ошириш, ахборот алмашиш, илмий семинар ва конференциялар ташкил этиш, икки давлатнинг халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш ҳамда глобал бошқарув тизимини такомиллаштиришда иштирок этишни назарда тутади.
Шунингдек, ҳужжат доирасида қонунчилик ҳужжатлари, таҳлилий материаллар ва махсус адабиётлар билан алмашиш, мутахассислар учун стажировка ва ташрифлар ташкил қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби амалий йўналишлар ҳам белгиланган.
Томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма нашрлар тайёрлаш ва илмий-амалий мулоқотларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.

