Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро меҳмонхона тармоқларини жалб этиш бўйича янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида компания томонидан туризм, жойлаштириш воситалари, энергетика ва сунъий интеллект соҳаларида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Хитойнинг нуфузли меҳмонхона брендлари — “Rosewood Hotels & Resorts” ҳамда “Shangri-La Hotels and Resorts” тармоқларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакатнинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар чоғида тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилди. Бу борада Гонконг тажрибаси асосида мастер-режалар ишлаб чиқиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилди.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятидаги “Имом Ал-Бухорий” мажмуаси ҳудудида амалга оширилаётган меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Лойиҳа зиёрат туризмини ривожлантириш ва сайёҳлар учун замонавий хизматлар яратишга қаратилгани таъкидланди.
Музокаралар якунларига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро даражада тарғиб қилиш, Хитойнинг етакчи меҳмонхона брендларини жалб этиш ҳамда жойлаштириш инфратузилмасига инвестициялар киритиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

