Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Мирзиёевани болалар саратонига қарши курашда етакчи сифатида эътироф этди.
Бу баҳо Тошкент шаҳридаги Республика болалар онкологияси марказига амалга оширилган ташриф давомида билдирилди. Унда “Замин” фонди фаолияти, хусусан, болалар онкологияси соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юқори баҳоланди.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, Зироат Мирзиёева раҳбарлигидаги фонд мамлакат бўйлаб тиббий хизматлар сифатини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, онкологик касалликка чалинган болалар учун “Меҳрли мактаб” гoспитал-мактаблари тармоғини шакллантиришда ҳам ушбу ташаббус ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Қайд этилишича, мазкур ёндашув тиббиёт ва таълим соҳаларини уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилмоқда. Натижада, онкологик касалликка чалинган болаларга комплекс ёрдам кўрсатиш тизими шаклланмоқда.
Янги тизим доирасида болалар нафақат замонавий тиббий муолажалардан фойдаланмоқда, балки узлуксиз таълим олиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш имкониятларига ҳам эга бўлмоқда. Бу эса уларнинг соғайиши ва тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.



