30–31 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон – Россия конференцияси «Ўзбекистон – Россия: Евроосиё маконида стратегик шериклик» бўлиб ўтади.
Тадбир ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда «Валдай» халқаро мунозара клуби иштирок этмоқда.
Анжуман Ўзбекистон ва Россия давлат органлари вакиллари, таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказлари ҳамда ишбилармон доиралардан нуфузли экспертларни жамлайди.
Конференцияда Ўзбекистон томонидан ИСМИ директори Элдор Арипов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Косимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов, рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекось, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти директори Умид Абидхўжаев ва бошқалар иштирок этади.
Россия делегацияси таркибига Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов, «Валдай» клуби жамғармаси Кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, «Валдай» клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасининг илмий ишлар бўйича директори Фёдор Лукьянов, «Валдай» клуби дастур директори Тимофей Бордачёв, Татарстан саноат ва савдо вазирлиги ўринбосари Герман Лернер ва бошқалар киради.
Конференциянинг асосий мақсади савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт ва технологик соҳаларда истиқболли ҳамкорлик йўналишларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда Ўзбекистон–Россия стратегик шериклигини мустаҳкамлашдан иборат.
Муҳокамалар марказида Евроосиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестициялар ва рақамлаштириш, шунингдек транспорт боғлиқлиги ва халқаро савдо инфратузилмасини шакллантириш масалалари туради.
Келгуси конференциянинг ўзига хос жиҳати – Татарстан Республикаси делегацияси иштирокида махсус минтақалараро сессия ташкил этилишидир. Ушбу муҳокамалар доирасида Татарстан Республикаси ва Термиз шаҳри вакиллари саноат, инвестиция ва гуманитар ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни амалий форматда кўриб чиқиб, минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ қадамларни белгилайдилар.
Конференция икки томонлама учрашувлар форматида экспертлар мулоқотини қўллаб-қувватлаш учун анъанавий майдон ҳисобланади. Тадбир Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида стратегик аҳамиятга эга транспорт тугуни ҳисобланган «Термез» халқаро савдо маркази базасида ўтказилиши режалаштирилган.

