Андижон вилоятида фармацевтика соҳасида умумий қиймати 203 млн доллар бўлган 16 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Уларнинг энг муҳимларидан бири — қон плазмасидан инсон альбумини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлиб, лойиҳанинг қиймати 30 млн долларга тенг. Бу корхона Ўзбекистон фармацевтикаси тарихида бундай йўналишдаги биринчи ишлаб чиқариш бўлади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Шунингдек, инвестицияларни Сирдарё вилоятига ҳам йўналтириш режалаштирилмоқда. У ерда жорий йилда қиймати 188 млн доллар бўлган фармацевтика лойиҳаларини ишга тушириш кутилмоқда. Асосий вазифалардан бири экспортни ривожлантириш этиб белгиланган: фақат Афғонистон бозорига 50 млн долларлик дори воситалари етказиб бериш режалаштирилган.
Шу билан бирга, йиғилишда айрим ҳудудларда мавжуд салоҳият етарлича ишлатилмаётгани ҳам таъкидланди. Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари раҳбарияти томонидан тақдим этилган инвестиция таклифлари ҳозирча 100 млн долларга ҳам етмаётгани, бу эса лойиҳалар портфелини шакллантириш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб қилиши қайд этилди.
Шу муносабат билан масъул идораларга ҳудудий ташаббусларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, тўлиқ қувват билан ишламаётган ёки банклар балансида турган корхоналарни соғломлаштириш дастурини ишга тушириш, шунингдек мамлакатнинг дори воситалари импортига қарамлигини камайтиришга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш топширилди.

