Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари овчилик фаолияти ва овчилик хўжаликларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат ов қилиш ва овчиларни тайёрлаш тартибини тизимлаштиради, замонавий технологияларни жорий этади, шунингдек, биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан:
— «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида», «Қурол тўғрисида» ҳамда «Овчилик ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда;
— мавсумий ёки бир марталик ов қилиш учун овчилик йўлланмаларини электрон тизим орқали бериш тартиби жорий этилмоқда;
— ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва назоратни кучайтириш мақсадида ов қилиш овчилик хўжаликларига бириктирилган ҳудудлар билан чекланмоқда;
— овни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашнинг ягона тизими йўлга қўйилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ов маданиятини ошириш ҳамда овчилик туризмини ривожлантиришга қаратилган.

