Тошкент кўчаларида пуллик автотураргоҳлар тизими жорий этилиши яхши ташаббус, бироқ ижродаги камчиликлар пойтахт транспорт тизимини “фалаж” қилиши мумкин.
Муаммо нимада?
Бугунги кунда Тошкент шаҳарининг айрим кўчаларида пуллик автотураргоҳлар ташкил этишда йўлнинг ўтказувчанлик қуввати ва транспорт оқими етарли даражада инобатга олинмаган. Хусусан, тор ва ҳаракат кўп бўлган кўчаларда (масалан, Чилонзор тумани, Арнасой кўчаси) биринчи йўлакнинг тўхташ жойи сифатида банд қилингани ҳаракатланиш чизиқларининг амалда биттага тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Бу ҳолат ҳайдовчиларнинг узлуксиз чизиқни босиб қарама‑қарши йўналишга чиқишига, чорраҳаларда (Мукимий ва Арнасой кўчалари кесишмаси каби) сунъий тирбандликлар юзага келишига ҳамда пиёдалар хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Биз қуйидагиларни таклиф этамиз:
— Қайта хатловдан ўтказиш: Тошкент шаҳридаги пуллик автотураргоҳ ташкил этилган барча манзилларни йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари асосида қайта ўрганиб чиқиш.
— Меъёрий чекловлар ўрнатиш: Қатнов қисми кенглиги белгиланган метрлик меъёрлардан кам бўлган ҳамда транспорт оқими юқори бўлган тор кўчаларда пуллик тўхташ жойларини ташкил этишни тақиқлаш.
— Тўхташ жойларини бекор қилиш: Йўл‑транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) хавфини туғдирувчи ва асосий йўналишдаги ҳаракатга халақит берадиган манзилларда (хусусан, Арнасой кўчасида) ташкил этилган пуллик тўхташ жойларини бекор қилиш.
— Чорраҳалар хавфсизлигини таъминлаш: Бурилиш нуқталарда транспорт воситаларининг эркин манёвр қилиши учун чорраҳага кириш ва чиқиш қисмларидан камида 50 метр масофада тўхтаб туришни чеклаш.
Ушбу таклифнинг амалга оширилиши пойтахт кўчаларида сунъий тирбандликларни камайтириш, йўл‑транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Улуғбек Абдураҳмонов,
Ўзбекистон ҳакaмлик судлари Ассоциацияси Тошкент шаҳар филиали бошлиғи

