Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида «Nexia-2» автомобили ёниб кетди. Вилоят ИИББ матбуот котиби ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 24 март куни соат тахминан 17:30 ларда Ўрта Чирчиқ тумани «Дўстлик» МФЙ Тошкент йўли кўчасида юз берган. «Nexia-2» транспорт воситаси мумкин бўлган жойдан қайрилиб олаётган вақтида «Cobalt» русумли автомобиль билан тўқнашиб йўл транспорт ҳодисаси содир этган.
Ҳодиса оқибатида «Nexia-2» русумли автоуловида ёнғин келиб чиққан. Таъкидланишича, воқеада ҳаракат иштирокчиларини соғлиғига зиён етмаган.
Вилоят ФВБнинг маълум қилишича, уларга ёнғин ҳақида соат 18:00 да хабар берилган. Хабарга асосан, ёнғин ўчириш экипажи соат 18:09 да воқеа жойига етиб борган. Аланга соат 18:12 да ўраб олиниб, 18:15 да тўлиқ ўчирилган.
Ҳозирда ёнғин тўлиқ ўчирилиб, ҳолат юзасидан Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.