Ўзбекистоннинг янги элчиси Нодир Ганиев кеча Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Франция Президенти Тошкент ва Париж ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболини юксак баҳолади.
Франция Президенти Эммануэль Макрон 2023 йил ноябрь ойида Самарқандга буюрган расмий ташрифини илиқ таассуротлар билан эслаб, олий даражадаги сиёсий мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистон билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлади.
Франция етакчисига Ўзбекистон элчиси билан бир қаторда яна 20 та хорижий мамлакатларнинг элчилари ўз ишонч ёрлиқларини топширдилар.
Франция Президенти элчиларни ушбу лавозимга киришишлари билан табриклаб, уларга икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги дипломатик фаолиятларида улкан зафарлар тилади.
Маълумот учун, Нодир Ганиев жорий йилнинг 13 июль куни Париж шаҳрига Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида етиб келганди. У шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган.