Сирдарёда август ойида 2 ёшли боғча боласи вафот этгани, ҳодиса боланинг томоғига овқат тиқилгани сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди. Болалар омбудсмани матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Хабар берилишича, ҳодиса юзасидан туман прокуратураси ўтказган терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, унинг хулосасига кўра, I.С. нафас йўллари беркилиб қолиши натижасида (обтурацион асфиксия) вафот этганлиги қайд этилган.
Аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул шахслари боланинг туғилганидан буён унда аниқланган камқонлик (анемия) касаллигини шу кунга қадар даволаш чораларини кўрмасдан, масъул мансабдор шахслар томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилмаган.
Шу билан бирга, I.С. ни боғчага қабул қилишда боланинг умумий соғлиғи ҳақидаги маълумотнома олинмасдан ҳамда бола 3 ёшга тўлмаган бўлсада, тарбияланувчилар сафига қабул қилинган.
Шунингдек, масъуллар томонидан болада соғлиғи билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган жараёнлар доимий назоратга олинмаган ҳамда кузатилган дастлабки тиббий симптомларни мунтазам равишда назорат қилиб борилмасдан, малакали биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмаган.
11 сентябрь куни I.С.нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига нисбатан ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 192-11-моддаси 1-қисми (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.