Россияда ота-она қарамоғисиз қолган ўзбекистонлик болалар Сибир ва Узоқ Шарқ округидан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консули Қобулжон Юсупов хабар бермоқда.
Унга кўра, Новосибирск аэропортида Россиянинг Новосибирск, Иркутск каби шаҳарларидан ота-она қарамоғисиз қолган бир неча ойликдан 14 ёшгача бўлган бир гуруҳ болалар Россиянинг Бош консуллиги ва ваколатли органлари кўмагида Ўзбекистонга олиб келинди.
«Вояга етмаган ўзбекистонликлар катталар ҳамроҳлигида ўз ватанларига олиб келинган»,– дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Бош консуллик Россия томонидан зарур ҳужжатларни тезкорлик билан олиш учун барча алоқалари ва максимал имкониятларини ишга солган ва болаларни иссиқ овқат билан таъминлаган.
Ҳозирда турли сабабларга кўра ота-онаси уларнинг тарбияси билан шуғуллана олмаган саккиз нафар бола Ўзбекистонга қайтди.