Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори ҳамда бошқа нафақа ва тўловлар 15 фоизга оширилади.
Шавкат Мирзиёев 12 август куни иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда пенсия ва нафақалар 15 фоизга оширилади. 1 октябрдан бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи 10 фоизга, ўқув ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 15 фоизга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (+10%) ва БҲМ (+10,3%) ҳам белгиланди.
Бундан ташқари, қуйидаги пенсия ва нафақалар ҳам 15 фоизга оширилади:
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 800 минг сўмдан 920 минг сўмгача;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — 800 минг сўмдан 920 минг сўмгача;
- 11941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — 3,53 миллион сўмдан 4,06 миллион сўмгача;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (834 000 сўмдан) 920 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — 920 минг сўмгача;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — 648 минг сўмдан 745 минг сўмгача;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 648 минг сўмдан 745 минг сўмгача;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — 648 минг сўмдан 745 минг сўмгача;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 745 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун учун 244 минг сўм қўшилади (илгари 648 минг + 212 минг);
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 745 000 (илгари 648 минг сўм) сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.