Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун белгиланган жарима миқдорини камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда агентлик расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, агентлик маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини ўрганган. Натижаларга қараганда, мамлакатда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмлари йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан номутаносиб жарима солинишига сабаб бўлмоқда.
“Масалан, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 миллион сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11–13 миллион сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 миллион сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори ўзгаришсиз қолмоқда”, дея қайд этган агентлик.
Агентликка кўра, Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда 60 минг сўмни, Беларусда 138 минг сўмни ташкил қилади.
“Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади”, дейилади хабарда.