Ижтимоий тармоқларда метрополитеннинг ер усти йўналишидаги ҳаракат таркибларида совитиш тизими ишламаётгани ҳақида хабарлар жойланмоқда. Ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” ДУК расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Ер усти халқа йўли” йўналишида ҳаракатланаётган ҳаракат таркибларининг совитиш тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ таркибига Россия Федерациясидан ҳам 15 дан зиёд соҳа мутахассислари жалб этилган. Ушбу мутахассислар томонидан доимий равишда тизимли таъмирлаш ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда “Ер усти халқа йўли” йўналишида 10 та ҳаракат таркиби ҳаракатланмоқда ва шундан 8 таси жорий йилда харид қилинган поездлар бўлиб, уларнинг совитиш тизими ҳаво ҳарорати +50 даража иссиққача белгиланган норма бўйича ишлаш имкониятига эга.
Бундан ташқари, яна бошқа мавжуд 2 та ҳаракат таркиблари ўтган йиллар давомида олиб келинган бўлиб, асосан ерости метро бекатларида ҳаракатланишига мўлжалланган ҳамда уларнинг совитиш тизими ҳарорат +40 даражагача бўлган иссиқда ишлашга мўлжалланган.
Шу сабабли жалб этилган малакали мутахассислар томонидан бу ҳаракат таркибларининг совитиш тизимларининг ускуналари модернизация қилинмоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида юзага келаётган бу каби камчиликлар яқин кунлар ичида тўлиқлигича бартараф этилиши маълум қилинган.