Президент Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Халқимиз ҳаётида эзгулик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик рамзи сифатида мустаҳкам қарор топган Қурбон ҳайити бугунги кунда биз учун барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятли бўлиб бормоқда.
Айниқса, маҳалла ва хонадонларимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмасликка қаратилган эзгу ишларимизда муқаддас динимиз, унинг инсонпарварлик моҳиятини ўзида яққол ифода этадиган ушбу файзли байрам биз учун ибрат мактаби, куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Азиз дўстлар!
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу ёруғ кунларда кейинги йилларда мамлакатимизда азалий диний қадриятларимизни тиклаш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш борасидаги улкан ишлар, юртимиз мўмин-мусулмонларининг ибодат арконларини, жумладан,
ҳаж ва умра зиёратларини эркин амалга оширишлари учун яратиб берилаётган қулай шароитлар ҳақида сўз юритишимиз табиийдир.
Қисқа муддатда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий марказлари ташкил этилди. Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари тубдан обод қилинди. Янгитдан барпо этилаётган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида қурилиш ва жиҳозлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Шулар қаторида шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб муҳташам масжидлар барпо этилмоқда.
Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртимиз мусулмонлари ҳаж амалларини бажардилар. Шу кунларда яна 15 минг нафар ватандошимиз икки муқаддас шаҳар – Макка ва Мадина зиёратига бориб, ўзларининг эзгу орзуларини амалга оширмоқдалар.
Пок ниятлар ижобат бўладиган мана шундай илоҳий лаҳзаларда уларнинг барчасига чин дилдан ҳаж ибодатларини тўлиқ адо этиб, юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини тилаймиз.
Ҳайит байрами арафасида Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, ҳурматли муфтийимиз шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали бўлган мулоқотимизда юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини у киши алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Умид қиламизки, ҳожиларимиз Ватанимизга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ҳамда оилалар тотувлигини кучайтиришда ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Муҳтарам юртдошлар!
Мана шу қутлуғ лаҳзаларда турли заруратлар билан хорижий элларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам самимий табриклаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатларидаги диндошларимизга ҳам қизғин қутловлар йўллаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Илоҳим, жаҳоннинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва жанжаллар тезроқ барҳам топсин! Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсин!
Азиз ва қадрли дўстлар!
Бугун биз кўпмиллатли халқимиз билан бирга Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги Ўзбекистон – бу янги ҳаёт, янги тараққиёт, бахтли келажак дегани.
Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, бошлаган ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирсак, бу улуғ мақсадга сўзсиз етамиз.
Фарзандларимизни албатта билимли, ҳунарли, одобли инсонлар, чинакам ватанпарвар авлод этиб вояга етказамиз.
Шу йўлда барчамизга бахт ва омад ёр бўлсин!
Эл-юртимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Улуғ айём барчамизга муборак бўлсин!