Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Корея Республикасининг Миллий Ассамблеяси делегациясини қабул қилди.
Учрашувда томонлар икки давлат парламентларининг алоқалари ҳозирда янги босқичга кўтарилганини, яқин дўстлик ришталарига, халқларимизнинг менталитети, анъана ва қадриятлари ўхшашлигига асосланган алоқалар стратегик шериклик муносабатлари даражасида ривожланиб бораётганини қайд этдилар.
Шунингдек, савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётганига, мамлакатимизда Корея капитали иштирокида қарийб мингта корхона фаолият юритаётганига эътибор қаратилиб, бу борадаги кўрсаткичларни ошириш мақсадида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Корея тажрибаси асосида «KOICA» халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмаги билан Ўзбекистонда «Электрон парламент» тизимини жорий қилиш грант лойиҳасининг амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Яқинда сайланган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси қўмиталари билан Олий Мажлис Сенати қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Жанубий Кореянинг бой тажрибасини инобатга олган ҳолда аёллар бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бизнесни бошқариш салоҳиятини ошириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишни рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.
Парламент даражасида Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун қулай шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида икки давлат ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларида биргаликда янги лойиҳаларни ишга туширишга келишиб олинди.