Тошкентда «King Long» русумли автобус ва “Tracker” русумли енгил автомобили иштирокида аянчли ЙТҲ содир бўлди.
Ҳолат бўйича “Тошшаҳартрансхизмат” тезкор маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, бугун, 29 февраль куни соат 06:45 ларда, «2-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги «King Long» русумли, сарой рақами 556 бўлган, 63-сонли йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи А.Ж. бошқарувидаги автобус, АШБ томон ҳаракатланаётган вақтда М.Улуғбек тумани, Янги Ўзбекистон кўчаси чорраҳасидан қайрилиб олиш вақтида, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Tracker» русумли енгил автомобиль юқори (197 км/соат) тезликда келиб, автобус билан тўқнашув содир этган.
Йўл-транспорт ҳодисаси вақтида автобус салонида йўловчилар бўлмаган. «Tracker» автомобили ҳайдовчиси тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага олиб кетилган.
ЙТҲ Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.