Ўзбекистон иқлим ўзгариши аҳолига турлича таъсир кўрсатади ва 2030 йилга бориб бутун мамлакат бўйлаб камида 8 миллион одам юқори иқлим хавфи мавжуд туманларда яшай бошлайди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва ривожланишига оид янги ҳисоботида эълон қилинди.
Ҳисоботга кўра, иқтисодиётни 2060 йилга бориб карбонсизлантириш (карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш) Ўзбекистондаги иссиқхона газлари чиқиндиларининг қарийб 75 фоизини ташкил этувчи энергетика секторига эътиборни қаратишни талаб қилади.
Карбонсизлантириш дастурларини амалга ошириш ва мослаштириш учун катта миқдорда инвестиция талаб этилади. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга иқлимнинг меҳнат унумдорлигига, йўллар ва кўприклар, чорвачилик ва ирригация секторига салбий таъсирини юмшатиш учун тахминан 60 миллиард АҚШ доллари керак бўлади.
Қолаверса, эскираётган энергия инфратузилмасини алмаштириш ва декарбонизация ишлари учун 2060 йилгача тахминан 340 миллиард доллар талаб этилади. Ушбу инвестицияларнинг катта қисми хусусий сектор томонидан амалга оширилиши мумкин.