Темирйўл чипталари нархи кескин ошади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўловчи» АЖ хабар берди.
«Йўловчи поездлар чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келмоқда.
2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида Республикамизда иш ҳақи миқдори 2.4 баробарга, электроэнергия ва ёқилги нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошганлиги, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда» дейилади хабарда.
Шу муносабат билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ йўловчи ташиш хўжалигидаги йўловчи чипталарни 2023 йилнинг 20 октябр санасидан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50% га, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100%га оширилишини маълум қилган.