Меҳнат кодексини амалга киритишга доир норматив ҳужжатни қабул қилиш кечикиши ортидан қатор туманларда педагогларнинг таътил пуллари камайиб кетгани маълум қилинган эди. Муаммо бартараф этилгач, касаба уюшмалари томонидан 8 минг 243 нафар педагог ходимнинг таътил пуллари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ходимлар фойдасига 7 млрд 825 млн 86 минг сўм маблағ ундириб берилган.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши хабарига кўра, 9403 та таълим муассасасида педагогларнинг таътилларига оид буйруқлар ўрганилган, шундан 656 та буйруқни расмийлаштиришда хатоликлар аниқланган ва ушбу хатоликлар жойида бартараф этилиб, педагогларга таътил билан боғлиқ тегишли маблағлар ундириб берилган. Шунингдек, 20 минг 550 нафар педагог ходимнинг “таътил олиш ҳуқуқим бузилди” мазмунидаги мурожаатлари ўрганилиб, улар бўйича тушунтиришлар ва бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бирга қонуний ҳуқуқлари тикланган.